17 ноябрь куни Ўзбекистон Президенти «Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади. Ҳужжат матни ЎзАда келтирилди.
Ўзбекистон халқларининг бой маданий мероси ва тарихий анъаналарини тўлиқ сақлаб қолиш ва кўпайтириш, миллий ҳунармандчилик, халқ бадиий ва амалий санъатини янада ривожлантириш, ҳунармандчилик фаолияти билан шуғулланувчи фуқароларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича мақсадли ва комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, шу асосда аҳоли, айниқса, ёшлар, аёллар ва кам таъминланган оилалар бандлигини таъминлаш қарордан кўзланган бирламчи мақсад сифатида қайд этилган.
Ҳужжатда келтирилган шарҳда қайд этилишича, ўтган йиллар давомида республикада миллий ҳунармандчиликни ривожлантириш, халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъатининг кўп асрлик анъаналарини сақлаб қолиш, ҳунармандчилик билан шуғулланувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилган чора-тадбирларга қарамасдан, ҳунармандчилик кичик бизнес ва якка тадбиркорлик ривожланишининг кучли, мустақил ва оммавий йўналишига айлана олмади. Шунга кўра, ҳунармандчиликни ривожлантириш йўлидаги мавжуд муаммо ва тўсиқларни тизимли бартараф этиш мақсадида ушбу фармон қабул қилинди.
Фармон билан республикада миллий ҳунармандчиликни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга ер майдонлари ва бинолар ажратиш, муҳандислик-коммуникация тармоқларига улаш, имтиёзли кредитлар бериш, ҳунармандчилик маҳсулотларини сотиш ва экспорт қилиш, шунингдек, республиканинг туман ва шаҳарларида ҳунармандчиликни ривожлантириш марказларини ташкил этиш ва «уста – шогирд» мактаблари фаолиятини такомиллаштириш ишлари белгиланди.
Фармонга биноан, «Ҳунарманд» уюшмаси сафларига ҳунармандларнинг кенг оммасини қамраб олиш, шунингдек, ҳунармандчиликни кичик бизнес ва якка тадбиркорлик ривожланишининг кучли мустақил йўналишга айланишига йўл бермаётган уюшманинг чекланган салоҳияти билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш бўйича бир қатор чора-тадбирлар белгиланган, жумладан:
- «Ҳунарманд» уюшмаси Савдо-саноат палатасига уюшган аъзо сифатида кириши, «Ҳунарманд» уюшмаси раисини мавқеи бўйича Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосарига тенглаштириш;
- Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги туман ва шаҳар Тадбиркорларга кўмаклашиш марказлари томонидан ҳунармандларга ўз фаолиятини ташкил этиш ва ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича сўзсиз равишда хизматлар кўрсатиш, шу жумладан, ҳунармандларни ўз бизнесини ташкил этиш ва ривожлантириш кўникмаларига ўргатиш, ҳунармандчилик субъектлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, янгитдан ўз фаолиятини бошлаган ҳунармандлар учун кўргазмалар ташкил этишни назарда тутиш.
Ҳунармандчиликнинг юқори талабга эга ва келажакда ривожланиш истиқболи бор турларини тўлиқ қамраб олиш мақсадида ҳунармандчилик фаолияти асосий йўналишларининг янгиланган рўйхати тасдиқланди.
1 декабрдан ҳунармандчилик субъектлари — «Ҳунарманд» уюшмаси аъзолари:
- ҳунармандчилик фаолияти маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва сотишда қатъий белгиланган солиқ тўловидан тўлиқ озод этилади;
- ёшга доир пенсия ва нафақа олувчилар бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадали тўловидан озод этилади;
- қишлоқ туманларида рўйхатдан ўтган ва фаолиятини амалга ошираётган ҳунармандлар ўз фаолиятининг дастлабки икки йили мобайнида бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига белгиланган суғурта бадалининг 50 фоизини тўлайди.
Шу билан бир қаторда, ҳунармандларга ўз маҳсулотларини экспорт қилишдан тушган хорижий валютани эркин тасарруф этиш, шу жумладан, банк ҳисобрақамларидан чет эл валютасини нақд шаклда ечиб олиш ҳуқуқи берилмоқда. Бунда хорижий мамлакатларда ўтказиладиган кўргазма, фестиваль, ярмаркаларда ҳунармандчилик маҳсулотларини экспорт шартномаларини тузмаган ҳолда сотиш мумкин, бунда олинган даромад экспорт тушуми ҳисобланмайди. Шу билан бирга, ҳунармандларга ташқи реклама воситаларини жойлаштиришда маҳаллий бюджетга тўланиши белгиланган тўловларнинг 50 фоизи миқдорида имтиёз бериш жорий этилмоқда.
Шунингдек, доимий савдо қилиш жойларига эга бўлмаган ва вақтинчалик жойларда савдо қилувчи ҳунармандлар томонидан савдо қоидаларида назарда тутилган касса аппаратлари ва савдо терминалларидан фойдаланиш, шунингдек, савдодан тушган нақд пул тушумини тижорат банкларига инкассация қилиш ихтиёрий тартибда амалга оширилади.
Ҳунармандларга ўз фаолиятини амалга ошириш учун имтиёзли тартибда жой ажратиш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Бунда улар томонидан давлат мулкини ижарага олишда ижара тўлови белгиланган энг кам тўловнинг 50 фоизи миқдорида белгиланади.
Шу билан бирга, 2018–2019 йилларда ёшларни «уста – шогирд» усулида ўқув дастурлари бўйича тайёрлаш учун Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан 1 миллиард сўм миқдорида маблағлар берилиши кўзда тутилган.
2018–2019 йилларда республиканинг 23 та шаҳар ва туманларида Ҳунармандчиликни ривожлантириш марказларини яратиш назарда тутилган.
Фармонда илк бор Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ҳунармандчиликни ривожлантириш бўйича манзилли дастурлар тасдиқланди. Уларга кўра, 2018–2019 йилларда қиймати 146,6 миллиард сўмга тенг, шундан 86,8 миллиард сўм тижорат банклари кредит маблағлари ҳисобига, аксарияти қишлоқ жойларига тўғри келадиган 9 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилишини кўзда тутувчи 3015 та лойиҳа амалга оширилади.
Фармон билан тасдиқланган чора-тадбирларни жойларда тўлиқ ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари раҳбарлигида ҳар бир ҳудудда ҳунармандчиликни ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ишларини мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий комиссиялар ташкил этилиши назарда тутилган.
Изоҳ (0)