Ўзбекистон Олий Лигасининг 29-туридан кейин Тошкентнинг «Локомотив» клуби мамлакат чемпионлигини қўлга киритди. 30-турдан кейин унинг таъқибчиси бўлган «Насаф» турнир жадвалида «темирйўлчилар»ни қувиб ета олмайди.

Фото: «Локомотив»

«Насаф» Қаршида «Пахтакор»ни йирик ҳисобда енгиб, Чемпионлар Лигасига йўл олди. Тошкент гранди аросатда қолди

«Локомотив» Самарқандда «Динамо» меҳмони бўлиб, 5:1 ҳисобида зафар қучди. Чемпионат тўпурари Марат Бикмаев хет-трик қайд этди. Санжар Шоаҳмедов ва Жалолиддин Машарипов 1 тадан гол урди. Натижада клуб кетма-кет иккинчи чемпионлигини расмийлаштирди. «Локо» 2016 йил ўз тарихида илк бор чемпионат олтин медалларини қўлга киритганди.

Мирко Еличич бошқарган клуб жорий мавсум фақатгина 4 та жамоага имкониятни бой берди: «Шўртан» 0:2, «Бунёдкор» 0:1, «Насаф» 0:2 ва «Пахтакор» 0:1. Шунингдек, яна 4 та клуб «темирйўлчилар»дан очко тортиб олди: «Навбаҳор» 2:2, «Қўқон-1912» 1:1, «Машъал» 1:1 ва «Нефтчи» 0:0. Қолган 21 та беллашув «Локомотив» ғалабаси билан ниҳоясига етди.

Ўзбекистон Олий Лигаси

29-тур беллашувлари

19 ноябрь, якшанба

«Динамо» — «Локомотив» 1:5

Голлар: Марат Бикмаев, 8 (0:1). Марат Бикмаев, 18-пен (0:2). Аднан Ораховац, 32 (1:2). Санжар Шоаҳмедов, 58 (1:3). Жалолиддин Машарипов, 77 (1:4). Марат Бикмаев, 86 (1:5).

«Локомотив» 2018 йилги мавсумни Ўзбекистон чемпиони сифатида Осиё Чемпионлар Лигасининг гуруҳ босқичида ўтказади. ОФК Ўзбекистонга 1+2 квотасини ажратган бўлиб, 1 та аниқ йўлланма айнан «темирйўлчилар»га насиб қилди. Саралашга йўлланма берувчи қолган икки квотадан бирини «Насаф» ютиб олди. Яна 1 таси Ўзбекистон Кубогининг финалидан кейин «Пахтакор» ва «Бунёдкор» жамоаларидан бирига насиб қилади.