Nigora Media Group продюсерлик компанияси раҳбари Нигора Соим хонанда Арашни судга бериш учун барча ҳужжатлари тайёрлигини маълум қилди. Унинг сўзларига қараганда, концерт бекор қилингани боис продюсер 50 минг доллар атрофида зарар кўрди, деб хабар беради «Repost.uz».
«Келишувга кўра, мен Араш гонорарининг 50 фоизини олдиндан тўлаган эдим, менда буни тасдиқловчи банк ҳужжати бор. Бундан ташқари, мен Араш жамоасининг барча 11 аъзосига чипталар юбордим, бу чипталар ҳозир менда. Шунга қарамай, Араш келмади. Концерт бекор қилинди. Мен мухлисларга чипталарга сарфланган пулни қайтаришга мажбур бўлдим. Натижада мен 50 минг доллар атрофида зарар кўрдим. Ҳозир менда Арашни судга бериш учун барча ҳужжатлар тайёр, у кўрган зараримни қоплайди» — деди Нигора Соим.
Арашнинг Тошкентдаги концерти 13 октябрь куни бўлиб ўтиши лозим эди, кейинроқ концерт муддати 31 октябрга кўчирилди. Аммо бундан бир кун олдин Араш Ўзбекистонга келишдан бош тортди, бунга ўзбекистонлик ташкилотчилар мажбуриятларини бажармаганини сабаб қилиб кўрсатди.
«Улар ваъда қилинган гонорарни тўла ҳажмда тўламади. Шунинг учун биз концертни бекор қилдик. Бизнинг биринчи гуруҳимиз Тошкентга 28 октябрь куни учиши лозим эди. Аммо бизга гонорар тўла ҳажмда тўланмаса, биз жамоа аъзоларига концерт режалаштирилган мамлакатга боришни рухсат этмаймиз», — деди хонанданинг продюсери.
Изоҳ (0)