Россиянинг «УАЗ» автомобилсозлик корхонаси Ўзбекистон инкассация хизматига «ПАТРИОТ» ва «ПИКАП» русумли 300 та янги автомобиль етказиб берди. Идора автопаркни шу завод маҳсулоти билан янгилаб бориши режалаштирилмоқда, деб хабар беради «Новости Узбекистана».
Буюртма асосида олиб келинган автомобилларнинг 200 таси «ПАТРИОТ» йўлтанламаси, 100 таси эса пикапдир, деб аниқлаштирилади хабарномада. Икки модель ҳам оқ рангдаги «Классик» комплектациясида.
«УАЗ ПИКАП»ларга тайёр кунг ўрнатилган эди. Бундан ташқари, Тошкентнинг ўзида «УАЗ»нинг ҳамкорлари автомобилларни инкассация ишига тайёрлаш бўйича махсус ишлар олиб боради.
«Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Республика инкассация хизмати» давлат унитар корхонаси бош директорининг биринчи ўринбосари Азизхон Ҳамидов «УАЗ» йўлтанламасларининг сифати идора ходимлари томонидан қадрланишини таъкидлаб ўтди.
«ЎзР МБ хизматида ‘УАЗ’ автомобиллари ишончли ва чидамли йўлтанламаслар сифатида ўзларини кўрсатиб бўлди. Шу боис танлов яна ‘УАЗ’ маҳсулотига тушгани бежиз эмас, негаки уляновликлар Республика хизматига энг тезкор жавоб қайтаради ва махсус вазифалар бажаришга мўлжалланган техникасини конкрет нархлар бўйича тақдим этади. Ўзбекистонда валюта назорати либерализацияси эълон қилиниши билан Республика инкассация хизмати олдида турган вазифалар ҳажми фақат ошиб, инкассаторлар паркидаги янги мобил техника ҳажми эса ўсиб бормоқда», — деди у.
Айни пайтда инкассаторлар асосан Captiva ва Orlando автомобилларидан фойдаланади.
Изоҳ (0)