ЮНИСЕФ болалар ва ўсмирлар учун энг хавфсиз муҳит бўлиши керак бўлган мактаб ёки уйда зўравонликка учраши билан боғлиқ маълумотларни ўзида акс эттирган янги маърузасини тақдим этди, деб хабар беради «ТАСС».
Экспертларнинг ҳисоб-китобига кўра, бутун дунёда ҳар етти дақиқада бир нафар ўсмир зўравонлик қурбони бўлади.
Қайд этилишича, ҳар йили 300 миллионга яқин икки ёшдан тўрт ёшгача бўлган болалар ўзлари учун қонунан жавобгар шахслар томонидан руҳий ва жисмоний тажовузга учрайди.
Ўтиб бораётган йилда 15 ёшдан 19 ёшгача бўлган тўққиз миллион нафар қиз жинсий тегажоғлик қурбони бўлган. Бироқ, мазкур статистиканинг ҳақиқий сони янада кўпроқ бўлиши мумкин, сабаби жабрланувчиларнинг бир фоизигина ёрдам сўраб мурожаат қилади.
Мактаб ёшидаги болаларнинг тахминан ярми жисмоний жазо қонун билан тақиқланмаган давлатларда яшайди.
Жисмоний жазо қонунан бекор қилинган давлатлар 60 та, МДҲ давлатларидан Украина, Молдова, Туркманистонда мазкур тартиб жорий этилган.
АҚШ мактабларда қуролли жиноятлар сони билан жаҳонда етакчилик қилади.
«Бутун дунёда болалар дучор бўлаётган зўравонлик ҳажми қўрқинчли даражада кенг. Гўдакларни юзига уришади, ёш ўғил ва қиз болаларни зўрлашади, ўсмирлар эса тенгдошлари томонидан ўлдирилади. Болаларга қарши зўравонлик чегара билмайди ва ҳеч ким бундан четда туролмайди», — дейди ЮНИСЕФнинг болаларни ҳимоя қилиш бўлими бошлиғи Корнелиус Уильямс.
Изоҳ (0)