Россиялик мухолиф сиёсатчи Алексей Навальний мамлакат президенти Владимир Путинни ва унинг маъмуриятини судга бермоқчи. Мамлакатнинг турли шаҳарларида маҳаллий маъмурият вакиллари келишилган митинглар ўтказишга рухсат бермагани бунга сабаб бўлди, деб хабар беради Meduza.
Навальнийнинг сўзларига қараганда, шаҳарлар ҳокимиятлари келишилган ҳолда ишламоқда ва Москвадан кўрсатмалар олмоқда.
«Гувоҳ амалдорларни сўроқ қилишни талаб қиламиз, бу ноқонуний топшириқлар шахсан Путин томонидан берилганини исботлаймиз, бошқа ҳеч ким бу ишни қила олмас эди», — деб ёзди Навальний ўз блогида.
Сиёсатчи охирги вақтларда шаҳар ҳокимиятлари митингларга рухсат беришни тўхтатгани боис йиғилишларни хусусий ерларда ёки биноларда ўтказишга қарор қилинганини айтди.
Биринчи бундай акция 29 октябрь куни Тамбов шаҳрида бўлиб ўтди — маҳаллий бизнесменлардан бири бунинг учун савдо маркази ҳудудини тақдим этди. 4 ноябрь куни Иркутскда мебель маркази ҳудудида митинг бўлиб ўтади.
Изоҳ (0)