Тошкентда 31 октябрь куни «Ўзбекистон – Қозоғистон: дипломатик муносабатлар ўрнатилганлигининг 25 йиллиги» мавзуида халқаро анжуман бўлиб ўтади. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда Қозоғистон Президенти ҳузуридаги Қозоғистон стратегик тадқиқотлар институти томонидан ташкил этилаётган халқаро анжуманда вазирлик ва идоралар, мамлакатда аккредитациядан ўтган дипломатик корпуслар ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари, икки мамлакат нуфузли таҳлилий марказлари раҳбарлари иштирок этиши режалаштирилган.
Икки давлат ўртасида яхши қўшничилик муносабатлари тобора мустаҳкамланмоқда. Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг 16–17 сентябрь кунлари Ўзбекистонга ташрифи доирасида икки мамлакат президентларининг қўшма баёноти қабул қилинган эди. Ушбу ҳужжатда икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллигини кенг нишонлаш кўзда тутилганди.
Анжуманнинг шўъба йиғилишларида сиёсат, иқтисод, транспорт соҳаларида ҳамкорликнинг истиқболлари, шунингдек, маданий-гуманитар алоқаларнинг давлатлараро муносабатларни мустаҳкамлашдаги роли каби масалалар очиқ ва конструктив руҳда муҳокама қилиниши режалаштирилмоқда.
Изоҳ (0)