Россия Мудофаа вазирлиги расмий вакили генерал майор Игорь Конашенковнинг маълум қилишича, АҚШ Давлат департаменти «Жибҳат ан-Нусра» билан боғлиқ «Ҳайят Таҳрир аш-Шам» террорчилик гуруҳи Сурияда кимёвий қурол қўллаганлигини тан олди. Бу ҳақда «Газета.ru» хабар бермоқда.
«Ушбу вилоятда ‘Жибҳат ан-Нусра’ билан боғлиқ ‘Ҳайят Таҳрир аш-Шам’ террорчилик гуруҳи амал қилади. У ўқотар ва оғир қурол-яроғлар, қўлбола портловчи қурилмалар ва кимёвий қуролдан фойдаланади. Бу Давлат департаментининг нафақат кимёвий қуроллар мавжудлиги, балки ‘Жибҳат ан-Нусра’ террорчилари томонидан Суриянинг ушбу қисмида терактлар уюштириш учун улардан фойдаланганлигини расман тан олишидир. Бу ҳақда биз бир неча марта огоҳлантирган эдик», — дейди у.
Унинг сўзларига қараганда, ҳозирги пайтда Идлиб вилоятида кимёвий қуролдан фойдаланиш билан боғлиқ ягона ҳолат Хан-Шейхунда аниқланган.
«Бироқ АҚШ бунда ҳукумат қўшинларини айблади. Ўша терактни уюштирган жангариларни эса (Америка Давлат департаменти аниқлашича, ‘Жибҳат ан-Нусра’ жангарилари) ўртача мухолифат деб атади», — дейди генерал.
Изоҳ (0)