9 октябрь куни Франция Ташқи ишлар вазирлигининг дин ишлари бўйича маслаҳатчиси Жан Кристоф Посель Ўзбекистон мусулмонлари идорасига ташриф буюрди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ахборот хизмати хабар бермоқда.
Меҳмонга Франциянинг Ўзбекистондаги элчиси Виолен де Вильмор ва элчихона маслаҳатчиси Алена Гранда ҳамроҳлик қилди.
Меҳмонларни Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ва Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров кутиб олди.
Учрашувда Ўзбекистондаги масжидлар, диний таълим муассасалари ва ҳаж – умра сафарларини ташкил этиш ҳақида тўхталиб ўтилди. Шунингдек, Ўзбекистондаги 16 та диний конфессиялар, уларнинг фаолияти, 2 та ноисломий семинариялар, черков ва бошқа ибодатхоналар мавжудлиги бўйича маълумотлар бериб ўтилди.
Учрашув якунида меҳмонларга Усмонхон Алимов томонидан эсдалик совғалари тақдим қилинди.
Изоҳ (0)