Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ва Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир натижасида Тошкент шаҳридаги хонадонлардан бирида ноқонуний валюта олди-сотдиси билан шуғулланиб келган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» хабар бермоқда.
Бахтиёр Тожиев ўзи яшаётган хонадонда ноқонуний валюта олди-сотдиси билан шуғулланиш учун махсус «ўра» ташкил этган. У навбатдаги мижоздан 100 АҚШ долларини 807 минг сўмга сотиб олган вақтда тезкор ходимлар томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Бахтиёр Тожиев қонунга хилоф равишда валюта айирбошлаш билан шуғулланиши ва хонадонидаги барча пуллар ўзига тегишли эканлигини тан олди.
Тадбир давомида хонадонда ноқонуний муомалага киритишга мўлжалланган 268 миллион 357 минг сўм, 1100 евро ва 19 минг 104 АҚШ доллари борлиги аниқланди. Жами 424 миллион 201 минг 864 сўм ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.
Ушбу иш юзасидан Бош прокуратура хузуридаги департамент томонидан жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.