Евро—2016 қаҳрамонлари сифатида танилган Исландия термаси ЖЧ—2018 чиптасини деярли қўлга киритди.
Мураккаб гуруҳдан жой олганига қарамай, исландлар вазифани кутилганидан анча яхши бажарди. Сўнгги турни Эскишаҳарда ўтказиб, турклар дарвозасига жавобсиз 3 та гол урган Исландия, нималарга қодир эканини яна бир бор кўрсатиб қўйди.
Шу тариқа Туркия мундиал чиптасидан расман қуруқ қолди. Исландия сўнгги турни ўз майдонида Косовога қарши ўтказиши инобатга олинса, барча масала деярли ҳалдек кўринади.
Вида, Модрич, Ракитич, Брозович, Перишич, Крамарич, Манжукич, Пашалич каби юлдузлари бор Хорватия эса ўз майдонида Финляндияни таслим қила олмади. Шу тариқа хорватлар имкониятларини анча чегаралаб қўйди. Улар ҳеч бўлмаганда плей-офф йўлланмасига илиниш учун Украинада дуранг ўйнаши керак.
Украина сўнгги турни ўз майдонида ўтказиши эвазига нисбатан яхшироқ имкониятга эгадек туюлмоқда. Бундеслигада ўзини кўрсатаётган Ярмоленконинг голи жамоага бу имкониятни тақдим этди.
ЖЧ—2018 да иштирок этиши аниқ бўлган мамлакатлар:Россия, Бразилия, Эрон, Япония, Мексика, Бельгия, Жанубий Корея, Саудия, Германия, Англия, Испания.
Изоҳ (0)