7 октябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россия Президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг расмий сайтида маълум қилинди.
Суҳбат аввалида Шавкат Мирзиёев Россия Президентини туғилган куни билан табриклади. Владимир Путиннинг икки мамлакат ўртасида стратегик шериклик ва иттифоқдошликни ривожлантириш, кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришдаги улкан шахсий ҳиссасини эътироф қилди.
Ўзбекистон Президентининг шу йил апрель ойида Россияга амалга оширган давлат ташрифи ва олий даражадаги учрашувлар икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлагани ва амалий мазмун билан бойитгани қайд этилди.
Мулоқот давомида давлатлар ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Россия раҳбари Ўзбекистон етакчиси ва халқига самимий қутлов учун миннатдорлик билдирди. Стратегик шериклик ва иттифоқдошликка асосланган Ўзбекистон—Россия муносабатларини янада мустаҳкамлаш доимо диққат марказида эканлигини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 7 октябрь куни Россия президенти Владимир Путин 65 ёшга тўлди.
Изоҳ (0)