Қозоғистоннинг Актау шаҳрида ўтаётган бокс бўйича анъанавий халқаро турнирда Ўзбекистон терма жамоаси барча вазн тоифаларида ўз спортчиси билан иштирок этганди.
Шулардан 6 нафари ҳал қилувчи финал жангига етиб келди, деб маълумот берди «Оламспорт». Ўз вазн тоифаларида Маҳмуд Ғоипов, Исроид Мадримов, Элнур Абдураимов ва Баҳодир Жалолов барча рақибларини енгиб, олтин медални қўлга киритган.
Отабек Холматов ва Мадиёр Саидраҳимов финал жангида имкониятни бой бериб, кумуш медаль билан чекланди. Мироншоҳ Ибрагимов, Мурод Аҳмадалиев, Санжар Турсунов каби спортчилар бронза билан кифояланди.
4 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронза медалига эга чиққан Ўзбекистон термаси умумжамоа ҳисобида қайси поғонада бўлгани борасида маълумот берилмаган. Аниқ томони шуки, Исроил Мадримов Актауга келган боксчилар орасида энг яхшиси деб топилган.
Бектемир Мелиқўзиев, Жасур Латипов, Шаҳрам Ғиёсов, Иқбол Холдоров, Ҳасанбой Дўстматов каби боксчилар Қозоғистонга ташриф буюрмаган.
Изоҳ (0)