2017 йил ёз ойи охирида канадалик Дункан Фергюсон вертолётда Канаданинг шимолий ҳудудидан «Дью» чизиғига йўл олди. Бу Канаданинг узоқ арктик шимолидан Исландиягача чўзилган радиолокация станцияларини аниқлаш тармоғидир. У Совуқ уруш даврида пайдо бўлган ва ҳозирга қадар ракета ва қуруқликдаги қўшинлар ҳужумини биринчилардан аниқлаш тизими ролини бажаради.
Фергюсоннинг вазифаси «Дью» чизиғи станцияларидан биридаги олти нафар олимни қўриқлашдан иборат эди. Қурол, бинокл ва пичоқ билан қуролланган Дункан мутахассислар ва техникани оқ айиқлардан ҳимоя қилиши керак эди.
TJournal канадаликнинг ҳикоясини бироз қисқартириб тақдим этади.
Йўлга тайёргарлик
«Дью» чизиғини 1957 йилда Канада ва АҚШ расмийлари барпо этган. У ҳозиргача Шимолий Америка ҳимоясининг асосий аэрокосмик объекти ҳисобланади. У Шимолий Американи «рус айиғидан» (гап Россия ҳақида бормоқда) ҳимоя қилиш учун яратилган бўлса, мен станция ходимларини оқ айиқлардан ҳимоя қилишим зарур эди.
Бу ҳайвонлар — тажрибали, сабрли ва ақлли йиртқичлар. Агар улар сизни ўлжа сифатида нишонга олса, бир неча кун давомида узоқ масофадан кузатади. Шу йўл билан сиз энг ҳимоясиз вақтда ҳужум қилиш учун одатий маршрутингизни эслаб қолади. Ҳеч бўлмаганда битта оқ айиқни ўлдириш — жуда жиддий вазифа.
Сочма ўқ отадиган ов милтиғи ҳайвон ҳужум қилишга тайёр бўлган яқин масофада ёрдам беради. Ўқ унга тегса ҳам, арзимаган зарар етказишига умид бор. Мен яхши отаман, бироқ ҳеч қачон ов милтиғи ёрдамида ҳайвонларни ўлдирмаганман. Оқ айиқни ўлдиришни ким ҳам хоҳларди? Бунга Канадада ҳали ҳам рухсат берилган, бироқ охирги йилларда уларнинг сони тобора кўпроқ ташвишланишга сабаб бўлмоқда.
Мени Raytheon компанияси ёллаган эди. Ишим «Доктор Стрейнжлав» сюжети ва «Юра даври боғи» картинасидаги Роберт Малдун (динозаврлар боғидаги қўриқчи) ишининг аралашмасини эслатарди.
Айиқлар билан ҳар куни тўқнашиш мумкин бўлган Канада шимолида йилларни ўтказганман. Энди эса илк бор 30 йиллик помпа ов милтиғи билан Арктик станцияга йўл олдим.
Станциядаги ҳаёт
Арктик станцияда олти олим билан икки ҳафтани ўтказдим. Бу катта радар гумбазлари, икки вертолёт майдончаси ва бир нечта кичик бинолар бўлган кимсасиз ҳудуд эди. Электр ва иссиқликни учта дизел генератори берар эди.
Ҳақиқий ҳожатхона ўрнига парда ортидаги чиқинди ёқувчи бор эди, душ йўқ — асосан нам салфеткалардан фойдаланар эдик. Станциядаги энг оммабоп таом — консерва шўрваси ва қовурилган колбаса эди.
Станция очиқ ҳудудда жойлашган бўлишига умид қилгандим. Бунинг ўрнига база тепаликда жойлашган бўлиб, уни уч томондан қоялар тўсиб турар экан. Бундай жойлашувдан айиқни фақат кичик масофадан кўриш мумкин.
Ҳар куни тонгги еттида туриб, олимлар нонушта тайёрлагунга қадар уларни ҳимоя қилишга отланар эдим. Булутли ёки туманли ҳавода оқ айиқларни кўриш деярли имконсиз, шунинг учун станциядан фақат яхши ҳавода чиқардик.
Айиқ билан учрашув
Арктикада об-ҳавони олдиндан башорат қилиш имконсиз. Станцияга учиш имконини уч кун кутдик ва у ерда уч ой қолиб кетишга тайёргарлик кўрдик. Бир нечта мутахассис лойиҳа тугагандан кейин ҳам яна уч ҳафта станцияда яшаганлигини эслади.
Куннинг асосий қисми қуёшли, бироқ шамол суякка етиб борадиган даражада совуқ эди. Ҳар куни камуфляж балаклава, бармоқсиз қўлқоп ва бир талай жун кийимлар кияр эдим.
Ушбу бир вақтнинг ўзида хавфли ва ўта зерикарли иш моҳиятини тасвирлаб бера олмайман. Ёки Ердаги энг йирик йиртқичлардан бири билан тўқнашувни кутиш, ёки ҳеч нарса қилмасликка мажбурсан. Менга ўхшаш қўриқчлар руҳияти Арктикада алоҳида хавф остида эканлигини айтишди. Бунинг сабабини бир ҳафтадан сўнг тушундим — айиқни кўриш учун ҳамма нарсага тайёр эдим.
Бу вазият кечаги тонгга қадар давом этди (мақола 28 сентябрь куни чоп этилган). Станцияга келганимиздан икки ҳафта ўтиб, хоҳлаган нарсамга эришдим. Унинг эринчоқлик билан очилган оғзидан буғ чиқиб турар эди. Улкан оқ масса базамизга заррача хавотирсиз яқинлашди.
Айиқни юришини кузата туриб, уни тезда суратга олдим ва қуролни олдим. Бизни унча катта масофа ажратиб турмаётганлиги маълум бўлди. Ов милтиғини кўтариб, ҳавога огоҳлантирувчи ўқ уздим. Айиқ ортга ўгирилиб, тезда узоқлашди.
Ҳодисадан бир соат ўтиб ортимиздан вертолёт келди ва биз уйга жўнадик.
Изоҳ (0)