Япония жамоат телевидениеси компания ходимларидан бири меҳнат нотўғри ташкил этилгани ва ортиқ даражада кўп ишлагани боис оламдан ўтганини тан олди. Айтилишича, у ойига меъёридан 159 соат кўп ишлаган ва юрак етишмовчилиги туфайли вафот этган. Бу ҳолат фуқаролар кўп ишлашига қарши чора қидираётган Япония ҳукуматига қўл келиши мумкин, деб хабар беради Meduza.
31 ёшли журналист қиз Мива Садо 2013 йили вафот этган эди. Аммо унинг иши бўйича суриштирув шу пайтгача давом этди ва телевидение расмийлари айбини энди тан олди.
Ўша йилнинг июнь ва июль ойларида у Токио пойтахт ассамблеяси ва Маслаҳатчилар палатасига бўлиб ўтаётган сайловни ёритаётган эди. Сайлов тугаб, уч кун ўтгач, қиз вафот этди.
Бир йил давом этган суриштирувдан сўнг меҳнат шароитлари бўйича инспекторлар журналист қиз кўп ишлагани туфайли вафот этган деган хулосага келди. Аниқланишича, ўлимидан олдин у ойига 28 кун 12 соатдан ишлаган.
Садонинг иш берувчиси — NHK жамоат телеканали текширув натижаларини энди нашр этди ва айбини тан олди.
Изоҳ (0)