Инспектор Илҳом Мусаев бошчилигидаги Мажбурий ижро бюроси ходимлари Сирдарё вилояти Гулистон туманининг «Навоий» маҳалласида яшовчи фуқаро Фазлиддин Хайдаровнинг хонадонига электр энергиясидан фойдаланишдаги қонунийликни ўрганиш мақсадида боришганида, уй эгаси ўзбошимчалик билан электр манбасига ноқонуний уланиб олганлиги маълум бўлган, деб хабар берди «Ўзбекистон 24».
Бюро ходимлари томонидан воқеа юзасидан баённома тузилиб, ноқонуний уланишни узаётган вақтда Фазлиддин Хайдаров давлат ходимларига жиддий қаршилик кўрсатиб, турли ҳақоратли сўзларни ишлатган ва испектор Илҳом Мусаевга енгил тан жароҳати етказган.
Мазкур воқеа юзасидан туман прокуратураси томонидан фуқаро Фазлиддин Хайдаровга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 219-моддаси, 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.
Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)