Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 27 сентябрдаги ПҚ–3292-сон қарори билан жорий йилнинг 7 августида қабул қилинган ПҚ–3176-сон «Миллий кинематографияни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди, деб хабар берди Norma.
Киритилган тузатишларга кўра, 2017–2019 йилларда Ўзбекистон ҳудудида замонавий кинотеатрлар тармоғи қурилади (илгари ҳудудий маданий-кўнгилочар комплекслар яратиш кўзда тутилган, аниқ муддатлари айтилмаган).
Кинотеатрнинг биринчи қаватида савдо-кўнгилочар объектлар, иккинчи қаватида замонавий кинозаллар бўлади. Кинотеатрларнинг намунавий лойиҳаси келаси йилнинг бошига ишлаб чиқилиши керак.
Қурилиш жадваллари Вазирлар Маҳкамаси томонидан ТИФ МБ билан биргаликда тасдиқланади. Уларда лойиҳа ташаббускорлари — тадбиркорлик субъектлари томонидан кинотеатрларни барпо этиш, шунингдек, уларни жиҳозлаш ва фаолиятини бошлашнинг аниқ муддатлари кўрсатилади.
Бундан ташқари, Ҳукуматга 2018—2019 йилларда ягона репертуар сиёсатини олиб бориш мақсадида умумреспублика кино прокати концепциясини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш топширилган.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида расман эълон қилинди ва 2017 йилнинг 29 сентябридан кучга кирди.
Изоҳ (0)