1 октябрда Ўзбекистонда Ўқитувчи ва мураббийлар куни нишонланади. «Газета.uz» пойтахт мактабларидан бирининг биринчи синф ўқитувчисидан бир кунини дақиқалар билан тасвирлаб беришни сўради.
2017 йил 18 сентябрь
06:00 — Будилник жиринглайди. Ишга отлана бошлайман.
07:30 — Уйдан чиқаман.
08:00 — Мактабга етиб келдим. Ўқитувчи формасини кийиб, дарсга тайёргарлик кўра бошлайман.
08:10 — Линейка. Давлат мадҳиясини қўйиш учун қурилмани созлайман. Нега мен? Кабинетимда розетка қулай жойлашган, шунинг учун овоз кучайтиргичли магнитафон шу ердаги дераза токчасида туради.
08:15 — Линейкада «Пиёдалар хавфсизлиги» мавзусида маъруза қиламан.
08:25 — Линейка тугаб, ўқувчилар билан синфхонага йўл оламиз. Йўл-йўлакай ўқитувчилар хонасидан журнални олиш керак. Ота-оналар саволлари билан сиқувга олади. Уларни тинглай туриб, дарсга тайёрланишга ҳаракат қиламан.
08:30 — Биринчи дарсга қўнғироқ чалинди. Оқувчиларнинг дарсга тайёрлигини текшираман. Кўргазма ва тарқатма материалларни тайёрлайман.
08:40 — Дарс жараёнига ўтамиз.
08:45 — Дарс бошланишга улгурмасдан, бўлинади. Ёшлар ташкилотининг вакили кириб, давоматни текширади.
08:50 — Дарсни давом эттиришга уринаман.
08:57 — Синфга «маънавият ва маърифат» бўйича директор ўринбосари киради. Жадвални янги шаклда чоп этиб, синф эшигига илиб қўйиш кераклигини тушунтиради.
09:07 — Директор ўринбосари кетади (дарс 10 дақиқага қисқаради).
09:10 — Яна уч дақиқадан сўнг қўнғироқ чалинади. Кичкина танаффус. Болалардан математика дафтарларини йиғиб олиб, уйга вазифа бераман.
09:15 — Иккинчи дарс бошланади. Эрталабки шошилинчда жиноят содир этганим ёдимга тушади — парта ва эшик тутқичларини артиш учун махсус банкадаги хлор эритмасини алмаштирмадим. Уни ҳар душанба алмаштириш керак. СЭС кутилмаганда келиб, текшириши мумкин. Эритма учун беш дақиқа сарфлайман. Доска ва синфни рус тили дарсига тайёрлайман. Дарс бошланади ва ҳеч қандай ҳодисаларсиз ўтади.
09:55 — Қўнғироқ чалинади. Беш дақиқалик танаффус. Ўқувчиларда тана ҳарорати ва бошида паразитлар бор-йўқлигини қайд этадиган «Фильтр» дафтарини тезда тўлдириш керак. Буни негадир мактаб ҳамшираси эмас, ҳар куни синф раҳбари бажариши лозим.
10:00 — Учинчи дарс бошланади. Ўқиш. Доскани тайёрлайман. Қўнғироқ чалиниши билан синфга ёшлар ташкилоти вакили киради. Икки фаол ўқувчи ҳақида ҳокимиятга топшириш учун ҳужжатлар тайёрлаш керак: анкеталарни тўлдириш, суратларни топиш ва туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалардан нусха олиш. Дарс бўлаётганлиги ва ўқувчиларим биринчи синф эканлиги ҳақидаги мулоҳазага жавобан «Ярим соатда топшириш керак», деган жавоб оламан.
10:05 — Янги мавзуни тезгина тушунтириб, топшириқ бераман. Ўқувчиларнинг шахсий ишларини олиш учун ўқитувчилар хонасига югураман.
10:10 — Директор қабулхонасида икки ўқувчининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасидан нусха оламан.
10:12 — Синфхонага югураман (ишқилиб, болалар тинч ўтирган бўлсин!). Синфда жимлик. Яхши. Ўқувчилар нималарни бажарганлигини текшираман.
10:20 — Болалар алифбедаги суратлар билан ишламоқда. Мен эса фотосуратларни излаб, ўқувчилар анкеталарини тўлдираман.
10:30 — Ва ниҳоят, ўзимни дарсга бағишлашим мумкин. Лекин болалар чарчади. Жисмоний машқлар вақти.
10:40 — Қўнғироқ. Танаффус. Ўқувчиларга жисмоний тарбия соатига кийимларини алмаштиришга ёрдам бераман.
10:55 — Тўртинчи соатга қўнғироқ чалинади. Ўқувчиларим йўқ, лекин бошқа кабинетга ўтаман. Ҳафтада икки марта тажриба алмашиш учун бошқа ўқитувчиларнинг дарсига киришимиз керак. Буларнинг барчаси алоҳида дафтарда қайд этилади.
11:25 — Синфга қайтаман. Ўқувчилар уйга қайтишга тайёрланмоқда. Кабинетни тартибга келтираман. Дафтарларни йиғиб оламан. Журнални тўлдираман.
12:00 — Ўқувчилар билан машғулотлар бугун мен учун якунланди. Болалар боғчасидан қизимни олиш учун югураман. У яқинда бора бошлаганлиги учун куни бўйи у ерда бўлишга ҳали мослашмаган.
12:10 — Қўнғироқ: «13:00 да — мажлис! Қатнашиш мажбурий!».
13:00 — Мактабга қайтаман. Қўлимда ухлаётган бола билан ўқитувчилар мажлисида ўтираман. Мавзу: «Болалар ва ота-оналар муносабатларидаги қийинчиликлар».
14:30 — Бир ярим соатлик мажлис тугайди. «Ўқитувчи портфолиоси» пaпкасига унга қатнашганлигим тўғрисида ёзиб қўйишни унутмаслик керак.
15:30 — Ва ниҳоят уйдаман. Тушлик қилиб, уй ишларини қиламан. Бироқ иш ҳали якунланмади.
17:00 — Эртанги дарс учун кўргазмали материал чиқариш учун интернет кафега йўл оламан.
17:45 — Эртанги кун учун ҳар бир дарс бўйича режа ёзаман.
19:00 — Кечки овқат.
20:00 — Тўгарак бўйича режани икки нусхада тўлдираман. Биттаси маъмуриятга топширилади.
21:00 — Компьютерда ишлаш учун ўтираман. Синф бурчагини безатишни тугатиш, янги жадвални чиқариш, дафтар муқовалари учун титул варақаларини қилиш лозим.
22:00 — Ўзим учун бироз бўш вақт.
00:00 — Эртанги дарс учун кўргазма ва тарқатма материал тайёрлаяпман. Маълумот излайман. «Ўқитувчи портфолиоси» пaпкасини тўлдираман. Шанба куни бўлиб ўтган ота-оналар мажлиси баённомасини охирига етказаман.
01:25 — Уйқу вақти бўлди. Уйқу учун тўрт ярим соат вақт қолди.
Кун давомийлиги — 19 соат 25 дақиқа.
Шахсий вақт — 8 соат.
Ишга бағишланган вақт — 11 соат 25 дақиқа.
Ёш: 26.
Лавозим: Бошланғич синф ўқитувчиси.
Шаҳар: Тошкент.
Маош: 950 минг сўм.
Қаҳрамон ўз исмини ошкор этишни истамади.
Изоҳ (0)