1 октябрь куни, расмий Мадриднинг қаршилигига қарамай, Каталонияда мустақиллик юзасидан референдум бўлиб ўтди. Мухторият ҳукумат референдумда мустақиллик тарафдорлари ғалаба қозонганини маълум қилди. Уларнинг маълумотларига қараганда, овоз берганларнинг 90 фоизи Испания таркибидан ажралиб чиқишни ёқлаб овоз берди. Шу билан бирга, сайловчилар давомати 42 фоизни ташкил этди. Мустақилликка қарши фуқаролар референдумга бойкот эълон қилгани бунга сабаб бўлди. Meduza ушбу тарихий воқеа якунларига қисқача тўхталиб ўтди.
2014 йилда ҳам Каталониянинг мустақиллиги юзасидан сўровнома ўтказилган эди. Расмий Мадрид ўшанда ҳам қарши бўлган, лекин, бу сафаргидан фарқли равишда, куч ишлатмаган эди. Аммо ўшанда ижтимоий сўровлар аҳолининг 47 фоизи мустақиллик тарафдори бўлганини кўрсатган эди.
Овоз бериш мустақилк ва халқаро кузатувчиларсиз ўтди. Бу борадаги қоидалар сайлов участкалари очилишидан бир соат олдин ўзгартирилди. Каталония раҳбарияти фуқароларга хоҳлаган участкага келишга рухсат берди. Қайтадан овоз берилишидан ҳимоя қилиш учун электрон рўйхатлар ишлатилиши лозим эди, аммо маълумотлар базаси жойлашган сервер ўчириб қўйилди. Овоз беришда ҳар қандай бюллетенлардан фойдаланиш мумкин эди, ҳатто уйдаги принтерда чиқариб келишга ҳам рухсат берилди.
📊 Resultats del Referèndum de #1OCT + 770.000 censats a col·legis clausurats pic.twitter.com/zCBEdsuKZp
— Govern de Catalunya (@govern) October 1, 2017
Каталония президенти Карлес Пучдемон Испаниядан ажралиб чиқиш борасидаги расмий жараён шу кунларда бошланиши маълум қилди.
«Каталония фуқаролари бизга мустақил давлатни эълон қилиш ҳуқуқини берди», — деди у овоз бериш якунлари маълум қилинганидан сўнг.
Испания бош вазири Мариано Рахой, ўз навбатида, бу референдум эмас, постановка бўлганини иддао этмоқда. У парламентни тўплаб, Каталония ҳукумати ва 1 октябрь куни марказга бўйсунмаган маҳаллий полициянинг хатти-ҳаракатларини муҳокама қилмоқчилигини таъкидлади.
Референдумнинг эртасига Испания биржалари ИБЕХ 35 индексининг 1,3 фоизга тушиши билан очилди.
Полиция билан тўқнашувлар оқибатида 844 кишига тиббий ёрдам кўрсатилди. El Pais нашри манбаларига кўра, кўпчилик асосан енгил жароҳат олган. Икки киши жиддий жароҳат олди: намойишчилардан бирининг кўзига резина ўқ тегди, яна бирида юрак хуружи кузатилди. Тўқнашувларда, шунингдек, миллий полиция ва фуқаролик гвардиясининг 33 ходими яраланди.
Евроиттифоқ ҳозирча тан олинмаган референдумга муносабат билдирмади. 1 октябрь куни Бельгия ва Словения бош вазирлари Мадрид томонидан куч қўлланилишини қоралаб чиқди. Уларга Шотландия раҳбари Никола Стёржен қўшилди.
«Энди ким диктатор?» — деди Венесуэла президент Николас Мадуро ўзининг якшанбалик шоусида, Мадриднинг ҳаракатларига изоҳ бераркан.
Изоҳ (0)