27 сентябрь куни Тошкентда Mobicon 2017 халқаро мобил конференцияси бўлиб ўтди. Жорий йилда иккинчи марта бўлиб ўтган тадбир Ledokol Group компанияси томонидан International Hotel Tashkent меҳмонхонасида ташкил этилди.
Умумий ҳисобда ташкилотчилар иштирок учун 2 мингдан ортиқ талабнома олди. Қизиқиш билдирган кўплаб тингловчилар Mobicon’га ташриф буюриб, икки конференц-залда параллель равишда ўтказилган мобил соҳаси экспертларининг баҳсларига гувоҳ бўлди. Биринчи марта Google, «Яндекс» ва «Одноклассники» компаниялари вакиллари бир тадбир доирасида чиқиш қилди. Бундан ташқари, конференцияда Қозоғистондан ташриф буюрган махсус меҳмонлар — 2016 йилдаги USENET ва Mobicon’даги чиқиши билан эътибор қозонган Виктор Елисеев (Select Communication Group) ва Константин Горожанкин (Қозоғистон интернет бизнеси ва мобил тижорат уюшмаси) чиқиш қилди.
Ташкилотчи компания — Ledokol Group асосчиси Дилшод Музаффаров Ўзбекистон медиа бозори ҳақидаги «Уйқудаги аждар уйғонадими?» номли маъруза билан чиқиш қилди. SMM трендлари ҳақидаги маълумотлар билан Беларуснинг UFOX компанияси асосчилари Сергей Сердюков ва Алексей Купреев ўртоқлашди. Маҳаллий экспертлар орасидан Акмал Раимовнинг SMM’нинг Ўзбекистондаги ўзига хосликлари, Рустам Файзиевнинг Telegram орқали Click тўловларини амалга ошириш ҳақидаги, шунингдек, видеоблогерлар Сардор Саломов («GO.uz») ва Жавлон Асатуллаевнинг (In Da House) чиқишлари диққатга сазовор.
Конференциянинг бош ҳомийси Beeline Uzbekistan компанияси бўлди. Конференция Ўзбекистон ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг расмий кўмагида ўтказилди.
Жорий йилда тадбир алоҳида тантана билан ўтказилди, бу ўзбекистонликларнинг мобил технологияларга қизиқишини кўрсатади. Таниқли спикерлар конференция доирасида нафақат чиқишлар қилди, балки иштирокчи ва тингловчилар билан жонли мулоқот ҳам қилди.
«Дарё» ушбу тадбирнинг ахборот ҳамкори ҳисобланади.
Изоҳ (0)