Alibaba Group раҳбари Жек Ма Нью-Йоркдаги Bloomberg Global Business Forum форумида чиқиш қила туриб, келажакдаги иқтисодий ўсиш муаммоларига тўхталиб ўтди. Бу ҳақда АИН хабар бермоқда.
Унинг фикрича, ҳукумат ва бизнес иш ўринлари яратиш масаласида ишлаб чиқаришга суянишни тўхтатиши ва сунъий интеллект соҳасидаги ишланмалар каби инновацион соҳаларга эътибор қаратиши лозим.
Нашр унинг чиқишидан парча келтиради.
Барчамиз ҳозир юз бераётган улкан технологик инқилобга баҳо бера олмаяпмиз. Бу каби ўтиш даврлари инсоният тарихида кўп юз бермаган. Ўйлашимча, охирги 3000 йилда уч мартадан ортиқ эмас. Олдимизда турган даъват шунчалик каттаки, ҳеч бир ҳукумат, ҳеч бир бизнес уни ўз ҳолича уддалашга қодир эмас. Биз биргаликда ишлашимиз лозим.Дунё IТ’дан DT’га қараб илгариламоқда. Кўпчилик DТ нима эканлигини тушунмайди (худди IТ нима эканлигини тушунмаган каби). Ахборот технологиялари (IТ) аста-секин маълумотлар технологияси (data technology, DT) томон илгариламоқда. Гап навбатдаги технологик апгрейд ҳақида кетмаяпти, гап фалсафа ҳақида, вазифаларни бажаришга ёндашувимиз ҳақида бормоқда.
Охирги 200 йилда одамлар келажакни башорат қилиш учун билимларга мурожаат қилди, бироқ ҳозир янги дунё бўсағасида турибмиз. Бу янги дунё ҳақида олдиндан бирор нарса дейиш қийин, шунинг учун кўпчилик келажакдан ташвишланмоқда. Келажак ҳақида ишонч билан сўзлаётган кишилар эса четдан қараганда ақлдан озгандек кўринади.
Кишилар Big Dата, сунъий интеллект, булутли ҳисоблаш ҳақида қайғурмоқда. Бу қайғуриш — менга нормал ҳолат бўлиб туюлмоқда. Юз йиллар аввал, буғ двигателлари пайдо бўлганда ҳам одамлар буғ тягаларидаги машиналар кўплаб иш ўринларини йўқ қилади деб ўйлаган. Бироқ инсоният ҳар доимгидек ечим топади деб ўйлайман. Ечим бизда бўлмаса, фарзандларимиз томонидан топилар.
Янги технологиялар кўп сонли иш ўринларини йўқ қилиши, бироқ янгиларини яратиши ҳам мумкин. Бугун ўтмишдаги буғ машиналари иқтисодиёти кўплаб иш ўринларини яратганлигини кўришимиз мумкин, DТ билан ҳам худди шундай ҳолат юз беради. У кўп иш ўринларини яратади. Биз бунга тайёрмизми, ҳамма гап шунда.
Кўпчилик иш ўринларини кўпайтириш ҳақида гапира туриб, ишлаб чиқаришни назарда тутади. Ўйлашимча, ишлаб чиқариш энди ҳеч қачон кўп иш ўрнини ярата олмайди. Бу ўтмишда иш берган. Замонавий дунёда сунъий интеллект, роботлар каби янги технологиялар туфайли ишлаб чиқариш ҳеч қачон ушбу ролини ўзига қайтара олмайди. Янги иш ўринлари яратишнинг асосий драйвери хизмат кўрсатиш саноати бўлади.
Ишлаб чиқариш ҳақида сўзлай туриб, «Хитойда ишлаб чиқарилган» ёки «АҚШда ишлаб чиқарилган» ибораларини қўллашни тўхтатишимиз керак. Келажакда бу «интернетда ишлаб чиқарилган» иборасига айланади. Кичик бизнес муҳим аҳамият касб эта бошлайди, бу тоифадаги аксарият компаниялар глобаллашади. Охирги 30 йил ичида 6 фоизга яқин компаниялар глобаллашув имтиёзларидан фойдаланган. Кейинги 30 йилда кичик бизнеснинг энг камида 60 фоизи глобаллашади. Глобаллашувнинг ёмон жиҳати йўқ. Биз уни бундан кейин ҳам ривожлантириш устида ишлашимиз лозим.
Олимлар, муҳандислар ва тадбиркорлар инсониятни технология имкониятлари билан қўрқитаётганлиги менга ёқмайди. Кимдир машиналар инсонларни назорат қилишидан чўчимоқда. Бироқ менимча, инсоният ўзига кўпроқ ишониши керак. Технологияларни тўхтатиб бўлмайди. Технологиялар тараққиётини тўхтатгандан кўра, олдимизда турган муаммоларни ҳал этиш учун улардан фойдаланиш керак.
Таълим тизимига алоҳида эътибор қаратинг. Бугун фарзандларимизга ўргатаётган нарсаларимиз, эртага уларнинг ишсиз қолишига олиб келиши мумкин. Эски ўқитиш схемаси бўйича ўрганаётган нарсаларимиз — билимларни эслаб қолиш, ҳисоб-китоб — буларнинг барчасини машиналар яхшироқ уддаламоқда. Таълим тизимини қайта ишлаб чиқишимиз лозим. Фарзандларимизни инновацион ва ижодкор бўлишга ўргатишимиз керак. Янги дунёда муваффақиятга эришиш учун сизга IQ, EQ ва LQ керак бўлади. EQ — бу ҳис-туйғу коэффициенти, LQ эса — «муҳаббат коэффициенти», бу машиналарда ҳеч қачон бўлмайдиган нарса.
Биринчи технологик инқилоб Биринчи жаҳон урушини, иккинчиси — Иккинчисини келтириб чиқарди. Учинчи технологик инқилоб ҳозир юз бермоқда ва Учинчи жаҳон уруши касалликлар, камбағаллик ва атроф-муҳитни ифлослантиришга қарши олиб борилиши керак. Акс ҳолда инсониятни муаммолар кутмоқда.
Жек Ма, Alibaba Group раҳбари
Изоҳ (0)