JPMorgan Chase банки American Airlines компаниясининг марҳум топ-менежерига тегишли бойликни нотўғри тасарруф қилгани учун унинг меросхўри бўлган беваси ва икки боласига 4 миллиард доллардан 8 миллиард долларгача товон тўлайди. Бу ҳақдаги ҳукмни Даллас суди чиқарди, деб хабар беради «Интерфакс».
Dallas News нашрига кўра, қарор апелляция туфайли бекор қилинади ёки товон миқдори сезиларли даражада туширилади.
Макс Хоппер ўлимидан сўнг васият қолдирмаган эди. Унинг рафиқаси Жо Хоппер ва болалари 2010 йили JPMorgan банкини марҳумнинг 19 миллион доллларлик бойлигини меросхўрлар орасида тақсимлаб бериш учун ёллаган эди.
Банк марҳумнинг санъат асарлари коллекцияси, мебель, заргарлик буюмлари, 6,7 минг гольф клюшкалари ва 900 шиша вино кабилардан иборат меросини тақсимлаб беришга бир неча йил сарфлади. Бундан ташқари, иш ортга сурилиши оқибатида акция опсионлари тугади, банк ходимлари эса Жо Хоппернинг у ёки бу акцияларни сотиш илтимосларини бажармади.
Ҳакамлар ҳайъати банкни бу ишда қаллобликка қўл урган ва 5 миллион доллар миқдорида реал зарар келтирган деб топди. Илгарироқ АҚШ олий суди жарима санкциялари реал зарардан бу қадар фарқ қилиши мумкин эмаслигини белгилаган эди. Шу муносабат билан ҳуқуқшунослар JPMorgan’да товон миқдорини сезиларли даражада тушириш имконияти борлигини таъкидламоқда.
Изоҳ (0)