Шавкат Мирзиёев «Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида» фармонни имзолади. Ҳужжат матнини «Ўзбекистон 24» келтирди.
«Мамлакатимизда ёш авлоднинг интеллектуал ва маънавий салоҳиятини юксалтириш, таълим тизимини замон талаблари асосида такомиллаштириш, соҳага доир ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш ишларига қўшган салмоқли ҳиссаси, ёшларга илм-фан асослари ва замонавий касб-ҳунарларни ўргатиш, уларни она Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш борасидаги кўп йиллик фидокорона хизматлари ҳамда ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун қуйидагиларга фахрий унвонлар берилсин», — дейилади фармон матнида.
Фармонга мувофиқ, бир гуруҳ педагоглар «Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси», «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими», «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси», «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози» унвонларига эга бўлди.
Бундан ташқари, таълим соҳасини ривожлантириш, ўқув жараёнига илғор педагогик ва ахборот-коммуникацион технологияларни кенг жорий этиш, чуқур билим ва замонавий касб-ҳунарга эга малакали кадрларни тайёрлаш ишларига қўшган муносиб ҳиссаси, мустақил фикрлайдиган, замон билан ҳамнафас, иқтидорли, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, уларни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашдаги катта хизматлари учун бир гуруҳ педагоглар «Фидокорона хизматлари учун», «Меҳнат шуҳрати», II даражали «Соғлом авлод учун», «Дўстлик» орденлари, шунингдек, «Шуҳрат» медали билан тақдирланди.
Изоҳ (0)