Украина бош прокурори Юрий Луценко «Янги кучлар руҳи» партияси етакчиси, мухолиф сиёсатчи Михаил Саакашвили мамлакат чегарасини ноқонуний кесиб ўтгани учун жаримага тортилиши кераклигини маълум қилди. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар бермоқда.
«Бу маъмурий қонунбузарлик, бунинг учун Саакашвили жарима тўлаши ҳамда Украинада бўлиш ҳужжатларини расмийлаштириши лозим», — деди Луценко.
Бош прокурор Саакашвилининг иши Львов вилояти судида кўриб чиқилаётганини эслатиб, қонуний ҳукм чиқарилишига умид билдирди.
«Мен аралашмаяпман», — деди у.
Шу билан бирга, Луценко Саакашвили томонидан чегаранинг кесиб ўтилишига кўмаклашганлар жиноий жавобгарликка тортилиши мумкинлигини айтиб ўтди.
Июль ойида Украина президенти Пётр Порошенко Саакашвилининг паспортини бекор қилган эди. Шунга қарамай, сиёсатчи мамлакат чегарасидаги назорат ўтказиш-пунктига келди. Бу ерга тўпланган халқ вакиллари унинг чегарадан ўтишига ёрдам берди.
Изоҳ (0)