Қозоғистон БМТни ислоҳ қилиш бўйича сиёсий декларацияни қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда мамлакат ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди, дея хабар беради «ТАСС».
ТИВга кўра, Нью-Йоркда 18 сентябрь куни АҚШ президенти Дональд Трамп ташаббуси билан ўтказилган халқаро ташкилот фаолиятини такомиллаштиришга бағишланган юқори даражали тадбирда Қозоғистон ташқи ишлар вазири Қайрат Абдрахманов иштирок этди.
«БМТ фаолиятини такомиллаштириш президент Нурсултон Назарбоев томонидан Қозоғистоннинг Хавфсизлик кенгаши доимий бўлмаган аъзолигидаги 7 асосий йўналишдан бири сифатида эълон қилинган. БМТни ислоҳ қилиш бўйича декларация мамлакатнинг бу борадаги қарашларига мувофиқ келади», — дейилади Қозоғистон ТИВ хабарида.
Эслатиб ўтамиз, дунёнинг 142 мамлакати, шу жумладан, АҚШ, Буюк Британия, Германия ва Япония БМТ ислоҳ қилинишини қўллаб-қувватлашга рози бўлди.
Изоҳ (0)