Ўзбекистоннинг Сирдарё вилоятида замонавий пахтачилик-текстиль кластери яратилмоқда. Бу ҳақда UzDaily хабар бермоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев 15 сентябрь куни «Сирдарё вилоятида замонавий пахтачилик-текстиль кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади.
Кластер чет эл компаниялари — Trontex LP (Буюк Британия) ва Gratum Trading LP (Буюк Британия) иштирокида тузилмоқда. Бошланғич лойиҳа доирасида Bek Cluster қўшма корхонаси тузилади.
Лойиҳа пахта хом ашёси ҳамда бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилишини, шунингдек, уларни рақобатбардош маҳсулот ҳолигача қайта ишлашни назарда тутади.
Ўзбекистон раҳбари лойиҳа учун Мирзаобод туманида 13 минг, Ховос туманида 5 минг гектар суғориладиган ер ажратилишини маъқуллади. У ерда пахта хом ашёси ва бошқа зарур қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилади.
Бундан ташқари, Bek Cluster ҚК МЧЖ ҳамда унинг таркибига кирувчи корхоналарга ўзлари ишлаб чиқарган маҳсулотларни эркин тасарруф этиш, нарх-наво шакллантириш ва маҳсулот реализацияси ҳажмларини мустақил белгилаш рухсат этилди.
Ушбу фаолият билан барча харажатлар МЧЖнинг ўз маблағлари, шунингдек, тижорат банклари кредитлари ҳисобидан қопланади.
Бундан ташқари, Bek Cluster ўзига ажратилган ерларда фермер хўжаликлари билан меҳнат шартномалари асосида меҳнат учун адолатли ҳақ тўлаш принциплари бўйича ҳисоб-китобларни амалга оширади.
Bek Cluster тайёр маҳсулотни юқори нархлар бўйича маркетинг тадқиқотлари аниқлаб берган бозорларга экспорт қилиб боради. Маркетинг тадқиқотлари ҳаммуассислар — Trontex LP ва Gratum Trading LP билан ҳамкорликда олиб борилади.