Кеча, 13 сентябрь куни Facebook ижтимоий тармоғи фойдаланувчиларидан бири Вера Григорева Чорвоқ сув омборининг атрофи чиқиндиларга тўлиб кетганлиги, шамол ҳар куни ушбу чиқиндиларни янада кенгроқ масофага ёйиб юбораётгани тасвирланган суратларни ўз саҳифасига жойлаштирганди.
Мазкур муаммога оператив тарзда ёндашилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг Чиқиндиларнинг ҳосил бўлиши, тўпланиши, сақланиши, ташилиши, утилизация қилиниши, қайта ишланиши, кўмилиши ва реализациясини назорат қилиш инспекцияси томонидан барҳам берилди. Бу ҳақда Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг матбуот хизмати хабар берди.
Хусусан, инспекция ходимлари томонидан Чорвоқ сув омборининг узоқ қирғоғида жойлашган икки тепалик орасидаги рухсат этилмаган (ноқонуний) чиқинди объекти тўлиқ тозаланди.
«Ҳурматли юртдошлар! Сиздан табиатни муҳофаза қилиш ва табиий ресусрлардан фойдаланиш соҳаси билан боғлиқ Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги бузилган ҳолатлар аниқланган пайтда тўғридан-тўғри Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ишонч телефонига мурожаат қилишингизни сўраймиз», — дейилади хабар сўнггида.
Изоҳ (0)