«Kun.uz» нашри Сирдарё вилояти Сайхунобод тумани ҳокими Носиржон Эгамбердиев маҳаллий мактаблар директорларини калтаклагани акс этган видеони эълон қилди, деб ёзади «Газета.uz».

Видеодан кадр. Скриншот: «Газета.uz»

Роликда маъмурият раҳбари деб аталувчи эркак бир қаторга терилган директорларни навбатма-навбат уришаётгани ва калтаклаётганини кўриш мумкин. Туман ҳокимининг сўзларидан англаш мумкинки, мактаб директорлари Мустақиллик байрамига ўқитувчиларни олиб келмагани учун жазоланган.

Зарбалар иккала қўл билан «гуноҳкор»ларнинг асосан елкаларига туширилган, аммо уларнинг баъзилари юзидан ҳам зарба еб қолган.

«Kun.uz» ўз манбасига таяниб маълум қилишича, туманда Мустақиллик байрами аввалига 25 август кунига белгиланганди, кейин байрам куни 27 августга қолдирилган. Мактаб директорларининг айримлари байрам учун йиққан одамларини 27 август куни ҳам такроран байрам ҳудудига олиб кела олмаган, айримлари байрам қайси кунга қолдирилганидан бехабар ҳам бўлган. Натижада 27 август куни байрамда томошабин кам бўлган. Вилоят ҳокими эса байрам юқори савияда ташкиллаштирилмаган, деб Носиржон Эгамбердиевга ҳайфсан берган. Шундан сўнг, туман ҳокими мактаб директорларидан «аламини олган».

Носиржон Эгамбердиев Сайхунобод туманига 2016 йилнинг октябрида ҳоким этиб тайинланганди. У бунгача Сирдарё вилояти ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаган.