АҚШнинг Жоржия университети тадқиқотчилари томонидан яратилган дастур Super Mario Bros ўйинининг оригинал кодларисиз унинг янги талқинини ёзди. Бу ҳақда Meduza хабар берди.

Фото: The Verge

Сунъий интеллект ўйиннинг қандай ўйналишини кузатиб, уни қайтадан тузди. У ўйиннинг визуал таркибини ва экрандаги объектлар ҳаракатини таҳлил қилган. Дастур олинган маълумотларни ўрганади ва ҳаракатлар қоидасини тушунтиради. Тизим қоидалар жамланмасини тузади ва уларни мантиқий тасдиқ сифатида ёзади, қоидаларни ўйин ҳаракатлари учун бирлаштиради.

Ҳозирги вақтда дастур фақат 2D платформасида ишлаяпти. The Verge нашрининг ёзишича, сунъий интеллект ёрдамида яратилган ўйинда баъзан хатоликлар кузатилади, бироқ, умуман олганда, ўйин ишлайди.

Айни вақтда олимлар Mega Man ўйинининг талқинини яратиш устида ишламоқда.