Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбоевнинг таклифига биноан 5 сентябрь куни давлат ташрифи билан Бишкек шаҳрига жўнаб кетди, дея хабар бермоқда ЎзА.
Олий даражадаги учрашув ва музокаралар чоғида Ўзбекистон ва Қирғизистон президентлари ўзаро муносабатларни ривожлантиришнинг асосий масалалари, сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш истиқболлари, мамлакатларнинг чегараолди ҳудудлари алоқаларини фаоллаштириш масалаларини муҳокама қилади.
Шунингдек, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан ҳам фикр алмашилади.
Музокаралар якунлари бўйича икки давлат раҳбарларининг Қўшма баёноти, Ўзбекистон—Қирғизистон давлат чегараси ҳақидаги шартнома, икки мамлакат ўртасида турли соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган бошқа қатор ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда.
Изоҳ (0)