Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга ташрифи давомида ўзбек-қирғиз чегараси делимитацияси бўйича шартнома имзоланади. Бу ҳақда Қирғизистон президенти аппарати ташқи сиёсат бўлими мудири Ойзода Субакожоева маълум қилди, дея хабар беради K-News.
«Ташриф давомида вазирлик ва муассасалараро ҳужжатлар имзоланади, қўшма баёнот қабул қилинади. Баёнотда келгусидаги ҳамкорлик йўналишлари ва аниқ режалари белгилаб берилади. Ташрифнинг муҳим ҳужжати қирғиз-ўзбек чегараси ҳақидаги шартнома бўлади. Президентларнинг ўтган йилги учрашувида бу жараённи жадаллаштириш юзасидан кўрсатма берилганди. Ўшандан бери 16 та учрашув ўтказилди, натижада умумий чегаранинг 1170 километри қайддан ўтказилди, 280 километри қолмоқда. Бу чегаранинг 80 фоиздан ошиғини ташкил этади», — деди Субакожоева.
Ойзода Субакожоева ҳужжат лойиҳаси Жогорку Кенеш қўмиталари томонидан маъқуллангани ва имзолашга тайёрлигини билдирди.
Маълумот учун, Ўзбекистон Президентининг Қирғизистонга ташрифи охирги бор 2000 йилда амалга оширилганди.
Изоҳ (0)