GM Uzbekistan автомобилсозлик компанияси ва «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси ўз маҳсулотлари ва хизматлари учун нарх ва тарифларни ҳақиқий маънода сўмга ўтказиши, хорижий валютага боғланган тарифларини сўмда қайта ҳисоблаши ҳақида эълон қилиши кутилмоқда.

Фото: GM Uzbekistan

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2 сентябрь куни валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи галдаги чоралар ҳақидаги фармонни имзолаган эди.

Аввалроқ, мазкур фармонда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, шунингдек, етказиб берилаётган товар ва кўрсатилаётган хизматлар нархи ошиб кетишининг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон мобил алоқа операторлари ва интернет-провайдерлари 5 сентябрдан ўз тарифларини сўмга ўтказиши, тарифларга асос сифатида Марказий банкнинг 29 августдаги курси (4210,35 сўм)ни олиш бўйича қарор қабул қилгани ҳақида хабар берилган эди.

«Газета.uz»нинг ўз манбаларига асосланиб хабар беришича, яқин вақт ичида нарх ва тарифлари доллар ёки бошқа хорижий валютада белгиланган Ўзбекистондаги барча компаниялар, хусусан, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси ва GM Uzbekistan компанияси ҳам телеком-ширкатларникига ўхшаш қарорларини эълон қилишлари кутилмоқда.