Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев октябрда Туркияга ташриф буюради, деб ёзади «Газета.uz» Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон давлат раҳбарига Мустақиллик куни муносабати билан йўллаган табрикка таяниб.
«Ишонаманки, шу йил октябрь ойида Сизнинг Туркияга амалга оширадиган ташрифингиз бугунги кундаги муносабатларимизни янги босқичга кўтаришда муҳим аҳамият касб этади», — дейилади мактубда.
«Дипломатик муносабатларимиз ўрнатилганининг 25 йиллигига тўғри келган 2017 йилда ҳамкорлигимиз сезиларли даражада фаоллашди. Ўтган йил ноябрь ойида Самарқанддаги учрашувимиз бу жиҳатдан бурилиш нуқтаси бўлиб хизмат қилди ва мунтазамлик касб этган олий даражадаги мулоқотлар орқали муносабатларимиз барча соҳаларда жадал ривожланмоқда», — дея қайд этди Туркия президенти.
«Халқларимиз ўртасидаги қадимий дўстлик ришталари мустаҳкам пойдевор бўлган Туркия – Ўзбекистон муносабатларини Сиз Жаноби Олийлари билан бирга янада ривожлантириш тарих олдидаги муштарак масъулиятимиздир», — дея таъкидлади у.
Изоҳ (0)