Ўзбекистоннинг Москва шаҳридаги элчихонаси маълумотига қараганда, Россиянинг Самара вилоятида юз берган йўл-ҳаракати ҳодисаси қурбонлари орасида Ўзбекистон фуқаролари борлиги ҳақидаги баъзи ОАВлар томонидан тарқатилган хабарлар тасдиқланмади. Мазкур ҳодиса натижасида 3 киши ҳалок бўлган ва 4 киши жароҳатланган, деб хабар беради Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати.
Lada Largus автомобилининг «КамАЗ» билан тўқнашуви Волжский туманининг Черновское сув омбори яқинида 2017 йил 27 август куни соат 03:00 атрофида бўлиб ўтган.
Ҳодиса Самара – Бугуруслан йўлида содир бўлган. 32 ёшли ҳайдовчи бошқарувидаги Lada Largus автомобили олдинда тўхтаб қолган «КамАЗ»га бориб урилган. Воқеа оқибатида ҳайдовчи, 29 ва 19 ёшли икки йўловчи ҳалок бўлган. Автомобиль ичидаги бошқа йўловчилар жароҳат олган. Ҳозирги пайтда полиция ҳодиса юзасидан текширув олиб бормоқда.
Ҳозирги вақтда элчихонанинг консуллик бўлими томонидан Ўзбекистон фуқароларининг жароҳатланганлар орасида бўлганлиги ҳақидаги маълумот қўшимча текширилмоқда.
Олдинроқ Россиянинг Калининград—Зеленоградск трассасида юз берган йўл-транспорт ҳодисасида 49 ёшли ўзбекистонлик аёл ҳалок бўлди.
Изоҳ (0)