Самарқанд шаҳрида «Шарқ тароналари» XI халқаро мусиқа фестивали якунланди, дея хабар бермоқда ЎзА.
Бу йил жаҳоннинг 58 давлати санъат усталари «Шарқ тароналари»да ўз мусиқа ва қўшиқчилик анъаналари, маданиятини намойиш этди. Фестивалда бир неча нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари фахрий меҳмон сифатида қатнашди. Улар мазкур санъат байрамининг турли миллат ва элатлар ўртасидаги дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш, тинчлик ва бағрикенгликни тарғиб этишдаги роли ва аҳамиятини, Ўзбекистонда ушбу халқаро форумга ҳар сафар катта тайёргарлик кўрилиши ва тадбирларнинг юксак савияда ўтказилишини алоҳида таъкидлади.
30 август куни Регистон майдонидаги амфитеатрда фестиваль иштирокчилари ва меҳмонлар, юртимиз маданият ва санъат намояндалари, жамоатчилик вакиллари халқаро мусиқа анжуманининг тантанали ёпилиш маросимига жам бўлди.
25-30 август кунлари дунё санъат аҳлининг бош саҳнасига айланган Регистондаги амфитеатрда «Шарқ тароналари» XI халқаро мусиқа фестивали ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Дастлаб, фаол жамоалар қатор номинациялар бўйича тақдирланди. ЮНЕСКО, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали дирекцияси, Самарқанд вилояти ва шаҳар ҳокимлиги ҳамда бошқа ташкилотларнинг махсус мукофотлари топширилди.
Саҳнага Эрон, Индонезия ва Туркиядан келган жамоалар таклиф этилди. Уларга фестивалнинг учинчи даражали дипломлари топширилди.
Иккинчи ўринга Қирғизистон ва Литвадан келган санъаткорлар сазовор бўлди.
Жанубий Кореянинг Геосонг халқ қўшиқларини сақлаш фонди жамоаси ҳамда Ўзбекистон вакили Моҳичеҳра Шомуродова биринчи ўринга муносиб, деб топилди.
Ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра, «Шарқ тароналари» XI халқаро мусиқа фестивалининг бош соврини – Гран-при Озарбайжон вакилига берилгани маълум қилинди.
Изоҳ (0)