Ҳар куни 60 га яқин япониялик ўз жонига қасд қилади. Иш ва оиладаги муаммолар энг оммабоп сабаблардан бири ҳисобланади. Япония ҳар йили бундан 4 миллиард доллардан ортиқ зарар кўради, деб ёзади «Газета.ru».
Япония фуқароларини ўз жонига қасд қилишга нима мажбур қилмоқда?
World Health Оbservatory маълумотларига кўра, Япония ўз жонига қасд қилувчи фуқаролар сони бўйича етакчи мамлакатлар учлигига киради. Фақат Финляндия ва Жанубий Кореяда ундан кўпроқ ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари аниқланган.
Таъкидлаш жоизки, Кунчиқар мамлакатда ўз жонига қасд қилишлар сони аста-секин камаймоқда. 1997 йилда бу кўрсаткич 24 391 дан 32 863 ҳолатга кескин ошган бўлса, 1998 йилдан 2011 йилга қадар бу кўрсаткич 30 мингдан ортиқ бўлган. 2016 йилга келиб бу кўрсаткич 22 минггача қисқарди.
Япония Меҳнат вазирлиги тадқиқотига кўра, ўз жонига қасд қилиш билан боғлиқ ҳолатлар ҳар йили мамлакат иқтисодиётига 4 миллиард доллардан ортиқ зарар етказади.
Вазирлик мутахассислари зарар суммасини 2015 йилда ўз жонига қасд қилган 15 ёшдан 69 ёшгача бўлган 23 минг япониялик 70 йиллик фаолияти давомида қандай иқтисодий улуш қўшиши мумкинлигидан келиб чиқиб ҳисоблаб чиқди.
Инқироз ўз жонига қасд қилишгача олиб боради
Тадқиқотчилар 2000 йиллар охирида ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг авжига чиқиши жаҳон иқтисодий инқирози билан боғлиқ деб ҳисоблайди. Ҳисоботда маълум қилинишича, ишини йўқотган кўп сонли кишилар, айниқса эркаклар бундай зарбага дош бера олмасдан, ўз жонига қасд қилган. 1998 йилда ҳам шунга ўхшаш вазият бўлган.
Таъкидлаш жоизки, Японияда молиявий фаровонликка эриша олмаслик ёки уни йўқотиш бугунги кунга қадар ҳам ўз жонига қасд қилишнинг кўп учрайдиган сабабларидан бири ҳисобланади. 2008 йилда иқтисодий сабаблар туфайли 4 850 нафар ёш япониялик ўз жонига қасд қилди — бу Японияда 1978 йилдан буён эркаклар орасидаги тегишли ўз жонига қасд қилишнинг энг юқори кўрсаткичидир. 2012 йилда 40 ёшдаги 1 138 нафар эркак молиявий сабаблар туфайли ўз жонига қасд қилган.
World Health Оbservatory’нинг ёзишича, охирги вақтларда иш топа олмаган ёшлар ҳам ўз жонига қасд қилмоқда. Гап шундаки, Японияда ишга жойлашиш амалиёти ўзига хос. Компанияларнинг аксарияти, қоида тариқасида, университет ва коллежларни тугатиши лозим бўлган талабаларни ишга олади. Фақат абитуриентлар учун очиқ рекрутинг шунга олиб келадики, битирувчилар вакансия учун талабгорлик қила олмайди. Шу тариқа, ўқиш даврида иш топа олмаган кишилар қўлида дипломи бўлгани ҳолда ишга жойлашишда янада каттароқ қийинчиликларга дуч келади.
Уйдан чиқмасдан
Япониянинг яна бир ўзига хос жиҳати ижтимоий изоляция ҳисобланади. Экспертларнинг фикрича, кўпчилик японлар ортиқча танишлар орттирмайди, бу ҳам жонига қасд қилишга мойилликни кучайтиради. «Ижтимоий мослашган кишилар муаммоларини бошқалар билан осонликча муҳокама қилиши мумкин ва бу билан азият чекишини енгиллаштиради», — дейилади ҳисоботда.
Японияликларнинг кўпчилигида ижтимоий изоляция кескин кўринишга ўтади — улар ижтимоий муносабатлардан ваҳимали даражада қўрқади ва деярли уйдан чиқмасдан, фақат оила аъзолари билан мулоқот қилади. Гап хикикомори деб аталувчи кишилар ҳақида бормоқда. Стокгольм институти ҳисоб-китобига кўра, мамлакатда бу тоифа 1 миллионга яқин. Япония ҳукумат бошқармалари кичикроқ рақам — 0,5 миллиондан ортиқ одамни (ёки аҳолининг 1,6 фоизи) келтиради.
Бегона киши билан мулоқот уларда ваҳима ва назорат қилиб бўлмайдиган хавотир ҳиссини уйғотади. Депрессия, оғриқли инфантиллик ва паранойя ҳам кўп учрайдиган аломатлар ҳисобланади. Бундай кишилар ишсиз бўлиб, қариндошлари ҳисобига яшайди.
Япония ҳар йили уйдан чиқмайдиганлар ҳисобига 1,7 триллион юань (14,8 миллиард доллар) йўқотади.
«Салом, иш»
Статистика бўйича, соғлиқ, иш ва оилавий қийинчиликлари бор эркаклар энг кўп ўз жонига қасд қилади.
Муаммони ҳал қилиш, шу билан бирга, иқтисодий зарарни минималлаштириш учун Япония расмийлари 2005 йилда ўз жонига қасд қилишларнинг олдини олиш штабини ташкил этди. 2006 йилда ўз жонига қасд қилишларнинг олдини олиш бўйича қонун қабул қилинди, 2007 йилда эса ҳукумат ўз жонига қасд қилишларнинг олдини олиш бўйича Jisatsusougoutaisakutaikou режасини ишлаб чиқди.
Дастурнинг асосий йўналишлари японияликларнинг ижтимоий дастурлардаги иштирокини рағбатлантириш, шунингдек, яқинлари ўз жонига қасд қилган, айниқса, ўз жонига қасд қилишга муваффақиятсиз уриниш билан қайд этилганларга алоҳида эътибор қаратишни ўз ичига олди.
Бундан ташқари, соғлиқни сақлаш ва меҳнат вазирлигининг маълум қилишича, ёшларга ишга жойлашиш, ўрта ёшдаги эркакларга иш ўрнини тез тиклашга ёрдам берувчи хизмат мавжуд. Бунинг учун Hello-Wоrk («Салом, иш») сервиси ўйлаб чиқилган.
Изоҳ (0)