Андижон шаҳрининг Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғида жисмоний имконияти чекланган 300 фуқарога Президент совғаси — ногиронлик аравачаси топширилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Андижон вилоятида бугунги кунда турли касалликлар, жароҳат ва бахтсиз ҳодисалар оқибатида ногиронлик нафақасига чиққан 51 мингга яқин катта ёшдаги фуқаро, 9 мингга яқин бола истиқомат қилади. Уларни ижтимоий муҳофаза қилиш, саломатлигини мустаҳкамлаш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш доимий эътиборда.
Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида 2500 кекса ва ногирон турли сиҳатгоҳларда дам олиб, саломатлигини тиклади. 300 ногирон реабилитация воситалари, протез-ортопедия маҳсулотлари билан таъминланди.
Тадбирда Андижон вилояти ҳокими Ш. Абдураҳмонов сўзга чиқди.
Изоҳ (0)