2019 йилнинг 1 январидан Ўзбекистонда хорижга чиқиш стикерлари бекор қилинади, унинг ўрнига чет элга чиқиш ҳужжати сифатида вақтинчалик биометрик паспортлар амал қилади. Бу Президентнинг 16 августдаги фармонида кўзда тутилган. Шу муносабат билан «Газета.uz» хорижга чиқиш паспортлари жорий этилиши ҳақидаги асосий фактларни келтириб ўтди.
1. 2011 йил намунасидаги биометрик паспорт Ўзбекистон ҳудудида умумфуқаро ҳужжати сифатида ишлатилади.
2. 2021 йил 1 январига қадар Ўзбекистон фуқаролари 2011 йил намунасидаги амалдаги паспортлар билан виза тартиби ўрнатилмаган давлатларга чиқиши мумкин бўлади . Булар: Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Молдова, Россия, Украина ва Грузия.
3. Хорижга чиқиш паспортининг амалга киритилиш пайтигача фуқаролар виза тартиби ўрнатилган давлатларга 2011 йил намунасидаги паспорт билан, агар унда хорижга чиқиш стикери бўлса, бора олади.
4. Чет элдаги Ўзбекистон фуқаролари 2011 йил намунасидаги паспортларни уларнинг амал қилиш муддати тугагунига қадар ишлатиши мумкин бўлади.
5. Хорижга чиқиш учун биометрик паспорт расмийлаштириш ва бериш тизими замонавий ахборот технологияларига асосланиб, аҳолига максимал интерфаол хизматлар кўрсатилиши билан амалга оширилади: электрон ариза киритиш, электрон навбат, давлат божининг электро тўлов тизимлари орқали тўланиши, ҳужжатнинг тайёрлигини текшириш хизмати. Бу тизим 2018 йил 1 декабрига қадар жорий этилади.
6. Ҳужжатларни қабул қилиш жарёнида «ягона ойна» тизими ишлатилиб, у барча зарур ҳужжатларни «Электрон ҳукумат» орқали олинишини назарда тутади.
7. Ахборот технологияларининг жорий этилиши туфайли хорижга чиқиш паспортининг расмийлаштирилиш ва берилиш муддати 15 иш кунидан ўн иш кунигача қисқартирилади.
8. Хорижга чиқиш учун биометрик паспорт давлат стандарти 2017 йил 1 декабрига қадар тасдиқланади. Паспорт 48 саҳифадан иборат бўлади.
9. Хорижга чиқиш паспортининг амал қилиш муддати вояга етмаганлар учун беш йилни, 16 ёшдан катталар учун ўн йилни ташкил этади.
10. Фуқаролар хорижга чиқиш паспортини олиш учун аризаларни доимий прописка жойи бўйича ИИВ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш туман ва шаҳар бўлинмаларига киритиши мумкин бўлади (ҳозир бу функцияларни фақат вилоят бўлинмалари бажаради). Чет элда фуқароларни қабул қилиш ҳамда хорижга чиқиш паспортларини расмийлаштириш Ўзбекистоннинг консуллик идоралари томонидан амалга оширилади.
Изоҳ (0)