Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Фарғона минтақавий филиалини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзАда келтирилди.
«Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлигининг Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Фарғона минтақавий филиалини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин», — дейилади қарорда.
Филиалнинг асосий вазифалари қуйидагилардир:
маданият ва санъат соҳасида фундаментал билим ва тушунчалар, тарихий ва замонавий анъаналар, инновация технологияларини, давлат стандарти бўйича белгиланган билим ва малакаларни пухта эгаллаган олий маълумотли мутахассис кадрлар тайёрлаш;
тайёрланаётган мутахассис кадрларга меҳнат бозоридаги реал талаб ва эҳтиёжлардан келиб чиққан ҳолда, юқори сифатли билим ва малака бериш;
битирувчиларни ишга жойлаштириш бўйича буюртмаларни шакллантириш;
профессор-ўқитувчилар таркибининг ўз касб соҳасидаги билим ва тажрибаси, илмий-ижодий салоҳияти ва педагогик маҳоратини доимий равишда ошириш;
таълим жараёнига замонавий педагогик ва инновацион технологияларни, маданият ва санъат соҳасида илм-фан бўйича эришилган илғор ютуқларни татбиқ этиш.
Филиалга 2017/2018 ўқув йили учун «5150300 — актёрлик санъати (турлари бўйича)» таълим йўналишига бакалаврлар тайёрлаш бўйича жами 25 та — шундан ўнтаси давлат грантлари, 15 таси тўлов-контракт асосида – қабул квотаси ажратилади. 2017/2018 ўқув йили учун қабул жараёни Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида амалга оширилади.
Бундан ташқари, Ўрта махсус касб-ҳунар таълими маркази Қўқон туризм ва сервис касб-ҳунар коллежининг Қўқон шаҳри, Мовароуннаҳр кўчаси, 3а-уйда жойлашган биносининг бир қисми филиалга берилиши муносабати билан коллеж фаолиятини самарали ташкил этиш юзасидан бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиши белгиланди.
Изоҳ (0)