Франциянинг TV5 Monde телеканали тасвирга олиш гуруҳи 7 августда Ўзбекистонга етиб келди. Гуруҳ 14 августгача Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида тасвирга олиш ишларини амалга оширади. Гўри Амир мақбараси, Самарқанд нонлари, Сиёб бозори, шунингдек, Регистон майдонидаги 3D mapping тасвирга олинади. Бу ҳақда Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.
Жорий йилнинг июль ойида Брусселда бўлиб ўтган Ўзбекистон — Европа Иттифоқи ҳамкорлик Кенгашининг йиғилишида Туризмни ривожлантириш қўмитаси ва Бельгиянинг Bandua Communications Unipressoal LDA компанияси ўртасида Ўзбекистоннинг миллий сайёҳлик маҳсулотларини TV5 Monde телеканалида намойиш этиш борасида келишув имзоланган.
Бельгиялик ва франциялик томошабинлар оддий ўзбек оиласида палов тайёрлаш тартибини томоша қилиш, бухоролик темирчилар ва заргарларнинг сирларини кашф этиш имконига эга бўлади.
TV5 Monde — француз тилида дунё бўйлаб эфирга узатиладиган кўнгилочар телевизион тармоқ бўлиб, унинг кунлик аудиторияси 55 миллион кишини ташкил қилади.