Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 августдаги фармойишига биноан, жорий йилнинг август ойи Ўзбекистонда ободонлаштириш ва тозалик ойлиги ҳамда 19—20 август — умумхалқ хайрия ҳашари кунлари, деб эълон қилинди. Бу ҳақда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши Ахборот хизмати хабар берди.
«Айни кунларда юртимизнинг барча ҳудудларида энг улуғ, энг азиз айём — Мустақиллигимизнинг йигирма олти йиллик тантаналарини «Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!» шиори остида муносиб кутиб олиш ва нишонлашга қизғин тараддуд кўрилмоқда... Миллий қадриятларимизга хос ўзаро меҳр-оқибат ва саховатни янада кучайтириш, ижтимоий ҳамкорлик, беғараз ёрдам ва мурувват каби эзгу фазилатларни юксалтириш, маҳаллалар ҳудудларини, аҳоли турар-жойларини ободонлаштириш, санитария ҳолатини яхшилаш, энг асосийси, мустақиллигимизнинг йигирма олти йиллик шодиёналарини муносиб кутиб олиш ҳамда нишонлашдек эзгу мақсадларни мужассам этган бу муҳим ҳужжатда ойлик доирасида ҳамда ҳашар кунлари амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар белгиланган», — дейилади хабарда.
Изоҳ (0)