8 август куни соат 15:00 да Миллий матбуот марказида «Босма ва электрон оммавий ахборот воситаларининг бугунги фаолияти ва истиқболдаги вазифалари» мавзуидаги матбуот анжумани бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Дарё»га анжуман ташкилотчиси — Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги маълум қилди.
Айни пайтда Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги томонидан рўйхатга олиниб, давлат реестрига киритилган ОАВнинг умумий сони 1564 тани ташкил этади. Улардан 694 таси газета, 330 таси журнал, 14 таси ахборотнома-бюллетен, 4 таси ахборот агентлиги, 68 таси телевидение, 37 таси радио, 418 таси веб-сайтлардир.
Ўтган даврда 10 та (6 та газета, 3 та журнал, 1 ахборотнома-бюллетен) босма ОАВнинг чиқарилиши муассисларининг қарорларига кўра тугатилиб, давлат реестридан чиқарилди.
Сўнгги вақтларда турли нуфузли давраларда журналистиканинг ҳозирги кундаги аҳволи, оммавий ахборот воситаларининг мустақилликни мустаҳкамлаш, мамлакат тараққиётининг ҳозирги ислоҳотлар давридаги, халқнинг муносиб турмуш тарзини ҳосил қилиш, маънавий ҳаётни авж олдириш сингари долзарб масалаларни амалга оширишдаги иштирокига янги урғу бериш мақсадида турли хил анжуманлар ўтказилди. Муҳим ва ақлли фикр-мулоҳазалар билдирилди, тавсиялар ишлаб чиқилди.
Тадбирда журналистика соҳасидаги турли муаммолар кўриб чиқилди.