Шу йил ёзда Европага ёпирилган аномал исиш туфайли, Альп музликлари шиддат билан эрий бошлади, деб ёзади «Вести.ru».
Қачонлардир қалин бўлган қор ва муз қатлами остидан тоғларда ўнлаб йиллар илгари йўқолиб қолган одамларнинг жасадлари кўриниб қола бошлади. Бундай «топилма»ларнинг энг қадимийси 1940 йилларга тегишли.
Июль ойида Швейцариянинг Альп тоғларидаги музликда 75 йил аввал ғойиб бўлган эр-хотиннинг жасадлари топилган эди. август бошида эса 1987 йилги тоғ сафари чоғида гуруҳдан ажралиб қолган германияликнинг танасини топишди. Шунингдек, Монблан музлиги ҳудудида 50 йил аввал Air India самолёти ҳалокатида қурбон бўлган эркакнинг жасадини аниқлашди.
Қутқарувчилар маълумотларига кўра, 1925 йилдан буён Альп тоғларида 300 дан ортиқ киши йўқолиб қолган, шуларнинг ярмига яқини Монбланда ғойиб бўлган. Ўтган йил давомида Альп музликлари 900 миллиард литрдан ортиқ сув йўқотди.