Россия президенти Владимир Путиннинг таътили акс этган кадрлар Интернетнинг нафақат рус тилидаги сегментида, балки Ғарб ОАВларида ҳам жуда кўп марта томоша қилинмоқда ва изоҳлар йиғмоқда, деб ёзади «Вести.ru». Нашр эслатишича, у бир неча кунни Жанубий Сибирияда ўтказган эди, 7 август куни эса Кремль сайти Россия президентининг ҳордиқ чиқараётгани акс этган 46 дақиқалик видеони эълон қилди.
Сибирга сафари чоғида у тайгада бўлди. У ерда президент тоғ кўлларида балиқ тутди, дарёларда моторли қайиқларда юрди, квадротциклда ва пиёда тоғдан тоғга кўчиб юрди.
Сафарда Россия президентига мудофаа вазири Сергей Шойгу, шунингдек, Тува раҳбари Шолбан Кара-оол ва Хакасия раҳбари Виктор Зимин ҳамроҳлик қилди. Журналистлар илтимосига биноан у «ёввойи» ҳордиқ чоғида нималар билан озиқланишгани ҳақида гапириб берди.
Улар ўзлари овлаган нарсаларни еган: хусусан, балиқшўрва ва чўртанбалиқдан котлет пиширган.
Бундан ташқари, фото ва видео кадрларга ёзилган изоҳларда кўпчилик тайга бўйлаб саёҳат чоғида Путиннинг чўнтагидан чиқиб турган шохча нималиги билан қизиққан. Афсуски, уларнинг саволлари жавобсиз қолган ва улар тахминлар билан чекланган, холос.