Ўзбекистон ТИВ Қирғизистоннинг Иссиқкўл вилоятида Ўзбекистон фуқаролари кетаётган микроавтобус иштирокида рўй берган йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан расмий баёнот берди.
«Ўзбекистон Республикасининг Қирғизистондаги элчихонаси маълумотига кўра, 2017 йилнинг 3 август куни Иссиқкўл вилоятининг Қизил-Ўрук қишлоғида тахминан соат 11:30 да ‘Балиқчи-Чўлпонота-Қоракўл’ автомобиль йўлининг 17-километрида микроавтобус ва енгил автомобиль иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси рўй берди. Олинган маълумотларга биноан, микроавтобусда Ўзбекистон фуқаролари бўлган. Бахтсиз ҳодиса оқибатида тўққиз одам жароҳатланди. Улардан тўрт нафари, жумладан, бир бола — Ўзбекистон фуқаролари», — дейилади баёнотда.
Ўзбекистон элчихонаси маҳаллий ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан алоқа ўрнатди. Олинган маълумотларга кўра, жароҳат олган тўққиз одамнинг ҳаммаси Балиқчи шаҳридаги ҳудудий касалхонага етказилган. Айни пайтда ЙТҲ жойида тезкор тергов гуруҳи иш олиб бормоқда.
Элчихона консуллик бўлими томонидан жароҳатланган Ўзбекистон фуқароларининг шахси аниқланмоқда ва уларга зарур ёрдам кўрсатиш бўйича тегишли чоралар қўлланилмоқда.
Изоҳ (0)