Лондон марказий жиноий суди Буюк Британия полициячилари ва ҳарбийларига қарши терактлар уюштиришни режалаштирган, ўзларини «мушкетёрлар» деб атаган тўрт шахсни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди. Бу ҳақда, Sky нашрига асосланиб, «ТАСС» хабар бермоқда.
Британиялик полициячилар ишни кўп йиллардан буён қайд қилинган энг мураккаб аксилтеррор тергови деб атамоқда.
Бирмингемлик Навид Али ва Ҳабиб Ҳуссайн, шунингдек, Сток-он-Трент шаҳридан Мохибур Раҳмон ва Тоҳир ўтган йили теракт тайёрлаш гумони билан ушланган эди. Тергов версиясига кўра, улар ИШИД террорчи гуруҳи мафкурасига асосланган ҳолда оммавий қурбонлар келтириб чиқарадиган ҳужумлар режалаштирган. Режага кўра, бомба портлаганидан сўнг улар пичоқ билан ҳужумни давом эттириши лозим эди.
Ўтган йилнинг август ойида улар ушланди. Полиция Навид Алининг машинасидан қўлбола бомба, ўқ-дори, тиғига «кофир» сўзи ёзилган қассоб пичоғи топди.
Суд «мушкетёрлар»ни айбдор деб топди.
Али, Ҳуссайн ва Раҳмон панжара ортида камида 20 йил ўтказиши белгиланди. Азиз учун минимал муддат 15 йил қилиб белгиланди, негаки у террорчилик фитнасида бошқаларга нисбатан камроқ иштирок этган деб топилди.
Изоҳ (0)