«Барселона» ҳужумчиси Неймарнинг Париж клубига ўтиши Испания футбол лигасининг қатъий қарори сабаб амалга ошмаслиги мумкин. Бу ҳақда «Sport.es» ташкилот раҳбари Хавьер Тебасга асосланиб маълумот берди, деб ёзди «Чемпионат».
Бунда Ла лига раҳбарияти Неймарнинг кўтарма суммаси ҳисобланган 222 миллион еврони бекор қилиш ҳақида қарор қабул қилишга яқин. Бунга сабаб қилиб «Барселона» ва Неймарнинг отаси ўртасидаги келишмовчиликлар кўрсатилган.
2016 йил «Барселона» Неймарнинг отасига 26 миллион евро ваъда қилган бўлиб, бунинг учун футболчи жамоаси билан шартномасини 2021 йилга қадар узайтириши керак эди. «Барселона»нинг истаги амалга ошган бўлса-да, клуб Неймарнинг отасига барча пулни беришга шошилаётгани йўқ. Чунки бразилиялик ҳужумчи 2021 йилга қадар Каталония клубида ўйнамасдан, Парижга кетиш ниятида юрибди. Агар Неймар жамоада кўрсатилган муддатга қадар қолса, футболчининг отаси барча пулларини олади, йўқса, иш судга қадар етиб боради.
Бундан ташқари Ла лига раҳбари Тебас «ПСЖ» қандай қилиб молиявий фейр-плей қоидаларини бузмай туриб, Неймарга 222 миллион евро тўлаб бериши мумкинлигини тушунмаяпти. Шу боисдан ҳам футболчининг трансфер масаласи вақтинча «музлатилди».
Бунгача «ПСЖ» ҳийла йўли билан Неймарни қўлга киритишга уринаётгани айтилганди. Яъни, фейр-плей қоидаларидан қочиш мақсадади Париж клуби хўжайинлари Неймарнинг қўлига 222 миллион бериб, ўз трансферини ўзи сотиб олиши учун замин ҳозирлаётган, кейинроқ эса у олиши керак бўлган пулни «ПСЖ» эмас, Qatar Sports Investments компаниясида ҳисобидан тўлаш режалаштирилганди.
Изоҳ (0)