«Оила ва жамият» газетасида бозорларда пиёз нархининг кўтарилиб кетишига бағишланган мақола чоп этилди. Мақола матни Facebook’даги «Халқ билан мулоқот» гуруҳида жойлаштирилди.
«Бугун одамлар дам картошканинг, дам сабзининг нархи ошиб кетаётганидан нолишяпти. Гўштнинг баҳосинику тушуниш мумкиндир, пиёзга нима бўлди, пиёзга? Ҳозир айни ёз, пишиқчилик пайти бўлса, нега полиз маҳсулотлари бунча қиммат?», — савол беради газета мухбири.
Журналист «Қўйлиқ», «Чорсу», «Олой» бозорлари сотувчи ҳамда харидорларининг фикр-мулоҳазалари билан қизиқди.
«Бир неча йилдан бери ‘Олой’ бозорида пиёз сотиб, тирикчилик қиламан, — дейди сотувчи Шарифжон Шарофов. — Пиёзнинг ‘испанский’ ва ‘қарсилдоқ’ навларининг 1 килограммини 4500 сўмдан сотяпмиз. Қарсилдоқ кўпроқ Ғазалкентда етиштирилади. Бу йил картошка кам бўлгани сабабли қишда Покистон, Эрон, Беларусдан сотиб олинди. Эшитишимча, энди бизнинг деҳқонларимиз етиштирган пиёзлар Эрон ҳамда Покистонга экспорт қилинаётганмиш. Шу сабаб нарх-наво кўтарилиб кетди».
«Бир неча йиллардан буён ‘Қўйлиқ’ деҳқон бозорида пиёз сотаман, — дейди Ҳамида Арслонова. — Улгуржи бозордан 3300 сўмдан олиб чиқиб, 3500 сўмдан сотяпмиз. Айни кунларда ‘Қоратол’ навига эҳтиёж кўп. ‘Қоратол’ юпқа пўчоқ, сувли бўлади. Жиззах ва Оҳангарондан келтирилади. Сентябрь ойидан бошлаб бозорларимизда ‘халцедон’ навини сотишни бошлаймиз. Қизил пўчоқли, совуққа чидамли. Деҳқонлар уни август охири — сентябрь бошларида мезон шамолини едирганидан кейин ковлаб олади. Мезон шамолини еган пиёз чиримайди. Айрим деҳқонлар бу йил пиёз қиммат бўлишини башоратлаб, ҳосилни музлаткичларга солиб қўйишяпти».
Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги мева-сабзавотчиликни ривожлантириш бошқармаси етакчи мутахассиси Акмал Мирзаев бунга қуйидагича изоҳ берди:
«2017 йил 15 май ҳолатига кўра республика бўйича жами 43785 гектар майдонга пиёз экилган. Бу 963 минг тонна ҳосил дегани. Бир гектар ердан 22 тонна ва ундан юқори ҳосил олинади. Бугун бозор расталарида сотилаётган пиёзлар январь–февраль ойларида плёнка остига сепилган. Плёнка остига экиш катта харажат. Ундан ташқари меҳнати ҳам кўп. Кун исиши, совишига қараб плёнка очиб, ёпиб турилади. Табиийки, иш ҳақи ҳам шунга яраша бўлади. Баҳорги пиёз кузгисига қараганда ҳосилни кам беради. Шу боис бозорларимиздаги нарх-наво вақтинчалик қиммат. Насиб бўлса, яқинда кузги пиёзлар ковлаб олиниб, бозор расталарига чиқади».
«Сотувчи-ю мутахассислар ҳатто ерга уруғ қадаган деҳқонларнинг фикрларини ҳам эшитдик. Аммо пиёз нега қиммат, деган саволга ҳеч кимдан аниқ жавоб ололмадик. Дарвоқе, пиёз нега қиммат?», — хулоса қилади муаллиф.
Изоҳ (0)