Грузия пойтахти Тбилиси шахмат бўйича Жаҳон кубогига мезбонлик қилади. Дунёнинг энг сара гроссмейстерлари 2—27 сентябрь кунлари бўлиб ўтадиган фестивалда жам бўлади.
Жаҳон кубоги учун 128 нафар гроссмейстер кураш олиб боради. Улар орасида мундиалнинг амалдаги ғолиби Магнус Карлсен ҳам бор, деб ёзди «Оламспорт». Норвегиялик шахматчи ўз иштироки ҳақида расман маълум қилиб улгурган.
Ўзбекистонлик энг машҳур гроссмейстер, 17-жаҳон чемпиони Рустам Қосимжонов Тбилисига бормайди. Минтақавий саралаш беллашувларида ғолибликни қўлга киритган Жаҳонгир Воҳидов Жаҳон кубогида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қиладиган ягона шахматчи бўлади.
Регламентга кўра, Жаҳон кубоги нокаут тизимида ўтказилади. Яъни, 128 нафар шахматчининг ҳар бири мағлубиятидан кейин турнирни тарк этаверади. Бунда иштирокчилар рақибига қарши икки партияда дона суради. Кучлар тенг келиб қолса, тай-брек матч ўтказилади.
Берилган маълумотга кўра, ҳал қилувчи ўйинда дона сурган икки гроссмейстер Жаҳон Тожи учун даъвогарлар рўйхатига қўшилади ва келаси йил мана шу нуфуз учун курашга киради. Финал 4 та партиядан иборат бўлади.
Изоҳ (0)