Америкалик режиссёр Зак Снайдернинг ўрнига «Адолат лигаси» блокбастерини суратга олиш ишларига раҳбарлик қила бошлаган Жосс Уидон сюжетни боғловчи бир қанча саҳналарни тасвирга туширишга қарор қилди. Meduzaга кўра, қўшимча съёмка ишларига 25 миллион доллар сарфланди.
Variety нашрига кўра, актёрларнинг вақтларини мувофиқлаштириш масаласи туфайли съёмка жараёни анча қийинлашган. Айниқса Супермен роли ижрочиси Генри Кавилл билан муаммолар келиб чиққан.
Кавилл параллель равишда «Бажариб бўлмас миссия» фильмининг олтинчи қисмида суратга тушаётган эди. Унинг мазкур фильмдаги қаҳрамони мўйлабга эга. «Миссия» учун жавобгар Paramount студияси актёрга мўйлабини қириб ташлашга рухсат бермади, шу боис «Адолат лигаси»да мўйлабли Супермен суратга тушишига тўғри келди.
Постпродакшн босқичида суперқаҳрамоннинг юзидан мўйлаб ўчириб ташланади. Унга қадар эса Twitter фойдаланувчилари бу борада ўз фантазияларини намойиш этмоқда.
«Адолат лигаси» шу йилнинг ноябрида катта экранларга чиқади.
Изоҳ (0)